Европа конференциялар лигаси нимчорак финал босқичи ўйинлари якунига етиб, чорак финалга чиққан барча жамоалар номи аниқ бўлди. Энди навбат чорак финал, ярим финал ва финал учун қуръа ташлаш маросимига.
Қачон ва қаерда?
Қуръа ташлаш маросими 17 март, жума куни Тошкент вақти билан 17:00да УЕФА қароргоҳи жойлашган Швейцариянинг Ньон шаҳрида бўлиб ўтади.
Иштирокчи-жамоалар
Европа конференциялар лигасининг чорак финалига қуйидаги 8 жамоа чиқди:
"Алкмаар" (Нидерландия)
"Андерлехт" (Бельгия)
"Базель" (Швейцария)
"Вест Хэм" (Англия)
"Гент" (Бельгия)
"Лех" (Польша)
"Ницца" (Франция)
"Фиорентина" (Италия)
Қуръа механизми
Қуръа "кўр-кўрона" тарзда ўтказилади. Жамоалар саватчаларга ажратилмайди. Ҳеч қандай чекловлар йўқ. Бир мамлакат вакиллари ҳамда бир гуруҳда иштирок этган жамоалар ўзаро тўқнаш келишлари мумкин. Қуръада биринчи тортилган жамоа иккинчи клуб билан тўқнаш келади; учинчи жамоа тўртинчи жамоа билан ва ҳоказо. Қуръада биринчи тортилган клуб чорак финалнинг дастлабки ўйинини ўз майдонида ўтказади.
Ярим финал қуръаси
Мусобақанинг ярим финалига қуръа ташлаш маросими ҳам шу куннинг ўзида ўтказилади. Финалда эса номинал мезбонни аниқлаш учун қуръа ташланади.
Меҳмондаги гол қоидаси
Еврокубокларда меҳмондаги гол қоидаси мавсум-2021/22дан бошлаб бекор қилинган. Агар икки ўйин натижасига кўра ҳисоб тенг бўлса, қўшимча бўлимлар белгиланади. Унда ҳам ғолиб аниқланмаса, пенальтилар тепилади.
Тақвим
Чорак финал ўйинлари 13 апрель ҳамда 20 апрель кунлари ўтказилади. Ярим финал эса 11 май ва 18 май саналарига белгиланган. Финал 7 июнь куни Прагадаги "Эден Арена"да бўлиб ўтади.