Бугун Қашқадарё воҳасининг машҳур ўйинчиси, воҳанинг барча клубларида фаолият олиб борган ва терма жамоамиз шарафини кўплаб учрашувларда ҳимоя қилган ҳозирги пайтда "Шўртан" жамоасининг сардори- Асрор Алиқуловнинг таваллуд айёми куни.
Мамлакатимизда Асрор Алиқуловни танимаган футбол мухлиси топилмаса керак. У фаолиятининг бошида Муборакнинг "Машъал" жамоасида кейин Қаршининг "Насаф" клубида сўнгра Тошкентнинг "Пахтакор" жамоасида тўп сурди. Ҳозирги пайтда Ғузорнинг "Шўртан" жамоасида фаолият олиб бормоқда. У ҳақида қанча таъриф берсак озлик қилади. Ушбу футболчи майдонда кўп марталаб Ватанимиз шарафини ҳам муносиб ҳимоя қилган.
Асрор Алиқулов 1978 йил 12 сентябрда Косон шаҳрида таваллуд топган. Биз аввалги саҳифаларимизда Асрор Алиқулов тўғрисида ва у билан уюштирган суҳбатларимизни Сиз мухлисларга ҳавола қилганмиз. Ҳозир бу ҳақда тўхталиб утирмоқчи эмасмиз.
Биз барча футбол мухлислари номидан ҳоҳ у Қашқадарёлик бўлсин, ҳоҳ у Тошкентлик бўлсин, балки бутун Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари номидан Асрор Алиқуловни бугунги туғилган куни билан самимий табриклаймиз! Унга аввало сиҳат-саломатлик, узоқ умр, бахт-саодат ва келгуси фаолиятига улкан зафарлар тилаймиз. Доимо ва ҳар доим ўз яқинлари ҳамда биз футбол ишқибозлари бахтига соғ-омон бўлсин!
Бу сафар табригимиз ноанъанавий тусда бўлди. Биз бугун эрталаб Асрор Алиқуловга қўнғироқ қилиб, уни тўғилган куни билан ўзимиз номимиздан ва юртимиздаги барча футбол мухлислари номидан самимий табрикладик ва қисқагина суҳбатлашиб олдик. Ҳозир ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
-Фурсатдан фойдаланиб, рухсат берсангиз Сизга бир-иккита саволларимиз бор эди.
-Марҳамат.
-Кеча мамлакатимиз бош жамоаси ўзининг муҳим учрашувларидан бирини ўтказди, учрашув Сизда қандай таасурот қолдирди?
-Ўйин менда яхши таассурот қолдирди. Биринчи йигирма минутда устунликни вакилларимиз ўзларида ушлаб туришди. Кореяликлар ҳам охирги ўн дақиқада жуда чиройли ўйин намойиш этишди. Бу босим анча хавфли кўриниш олди. Кеча биз ютишимиз ҳам ютқизишимиз ҳам мумкин эди. Охирги дақиқаларда гол ўтказиб юборишимиз ҳам мумкин эди. Бахтимизга Игнатий қайтарди. Шунингдек, биз ҳам гол уришимиз мумкин эди. Санжар Турсунов бироз аниқроқ ўйнаганида ғалабани илиб кетишимиз ҳам мумкин эди. Умимий олганда, йигитлар жуда чиройли ўйин намойиш этишди. Айниқса, ёш ўйинчилар менда илиқ таассурот қолдирди.
- Шоҳруҳ Гадоевни Миржалол Қосимов ҳеч иккиланмасдан асосий таркибда майдонга туширди. Терма жамоанинг собиқ аъзоси сифатида Шоҳруҳнинг ўйинига қандай баҳо берасиз?
- Гадоевнинг кечаги ўйини менга ҳам жуда ёқди. Анча тиришқоқ футболчилиги кўриниб турибди. Бор кучи билан ҳаракат қилди. Бир хил вазиятларда озроқ совуққонлик етишмаганига тўхталадиган бўлсам, унинг ёшлигини ҳисобга олиш керак, кейинчалик бу ҳолат ўтиб кетади.
-Янги чиққан ёш ўйинчилар кўпинча юлдузлик касалига чалинишади. Ҳозир ҳамма Шоҳруҳ ҳақида гапирмоқда! Сиз Шоҳруҳга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
-Терма жамоада ўйнаш клубдагидан фарқ қилади, яъни терма жамоада бир ўйин билан машҳур ҳам бўлиш мумкин ёки энг ёмон ўйинчига ҳам айланиш мумкин. Терма жамоада футболчи учун ўз қирраларини очиш клубдагига қараганда имконият жуда кам. Клубда ўйинда қилган хатонгизни кейинги ўйинда тўғрилашингиз мумкин, аммо терма жамоада бундай имконият берилмайди, қилинган хато жуда қимматга тушиши мумкин. Футбол - бу спорт! Спортда юксалишга эришгандан кейин ўзининг спорт формасини ушлаб туриш машаққатли иш ҳисобланади. Бир учрашувдаги чиройли ўйин билан ғурурланиб қолмасдан, мунтазам ўз устига ишлашни тавсия қилардим. Токи, терманинг кейинги ўйинларида ҳам кўплаб иштирок этиб, эл севган футболчи бўлсин.
-14 сентябр куни собиқ жамоангизга қарши майдонга чиқасиз, биз мухлислар бу учрашувни “воҳа дербиси” деб атаймиз. Ана шу учрашув ҳақидаги фикрингиз?
-"Шўртан" ҳамда "Насаф" ўртасидаги ўйин охирги йилларда футболчилар учун ҳам, муҳлислар учун ҳам жуда қизиқарли кечмоқда. Турнир жадвалида ҳам бу икки жамоа ёнма-ён турибди. "Насаф" юқори ўринлар учун курашмоқда, очко йўқотишни ҳоҳламайди. Биз ҳам муҳим очколар учун курашамиз. Майдонга икки жамоа ҳам ўз мақсад ва вазифасини бажариш учун чиқади. Менимча, мухлисбоп ўйин бўлади.
-Воҳа дербисида кучли жамоа ютсин, деб қоламиз. Муҳими воҳа футбол мухлислари чиройли ўйин гувоҳи бўлишсин. Яна бир бор туғилган кунингиз билан табриклайман!
-Раҳмат эътиборларингиз учун.