Антонио Контенинг "Тоттенхэм"даги тақдири сўроқ остида қолган. ОАВлар тинмай Конте билан боғлиқ вазият ҳақида гапирмоқда. Сўнгги хабарларга кўра, Конте келаётган соатлар ичида истеъфога чиқарилади. Вазиятнинг бундай кескинлашиб кетишига асосий сабаб италиялик мутахассиснинг "Саутгемптон"га қарши баҳсдан кейин шогирдлари ва раҳбарият ҳақида билдирган кескин танқидий фикрлари эди. 53 ёшли мураббий клуб ичидаги муҳитга "қабул қилиб бўлмас" деб баҳо берганди.
"Шпорлар" халқаро танаффуслар пайтида ўйин ўтказмайди. 3 апрелга қадар клубдагилар дам олади. Аммо Контенинг бу давр ичида жамоада қолиши сўроқ остига олинмоқда. Қуйида Антонио Контенинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган бир нечта мураббийлар номлари келтирилади.
Маурисио Почеттино
Почеттино Лондон жамоасини бошқариш учун энг жиддий номзоддир. Аргентиналик мутахассис 2019 йилда жамоани ЕЧЛ финалига олиб чиққан эди. Аммо ўша воқеадан олти ой ўтиб, ишдан олинган. 55 ёшли мураббий ўтган июль ойидан бери ишсиз юрибди. У охирги марта "ПСЖ"да фаолият олиб борган.
Марко Силва
Ўтган ҳафтадан бери рўзномалар олди саҳифасида "Тоттенхэм"нинг кейинги мураббийи бўлиш учун Марко Силва номи ҳам янграй бошлади. 45 ёшли мутахассис ўтган йили "Фулхэм"ни АПЛга қайтарди. Ҳозир унинг жамоаси еврокубоклар учун кураш олиб бора бошлади. Силва илгари "Халл Сити", "Уотфорд", "Эвертон" каби жамоаларда ишлаган. Португалияликнинг кейинги манзили "Тоттенхэм" бўлишини инкор этиб бўлмайди.
Луис Энрике
Испания терма жамоасининг собиқ устози Қатардаги жаҳон чемпионатидан бери ишсиз юрибди. Бунга сабаб "қизил фурия"нинг нимчорак финалда Марокашга имкониятни бой бергани эди. Энрике "Барселона"даги сермаҳсул меҳнати билан эсланади. У ЕЧЛ ва иккита Испания чемпионлигини каталон клубига тақдим этганди. Агарда Луис Энрикега таклиф берилса, у яна клублар футболига қайтиши мумкин.
Томас Тухель
Немис мутахассиси "Челси"ни ўтган йилнинг сентябрида, кутилмаган вазиятда тарк этганди. "Тоттенхэм" эса собиқ "Челси" мураббийларини ишга олиш бўйича устаси фаранг. Мисол тариқасида Моуриньо ва Контени айтиш мумкин. Аммо бу вариантлар иш бермаган. Балки учинчисидан фойда келар. Буни билиш учун Тухель Англияга қайтиши керак. У 2021 йилда "аристократлар"ни ЕЧЛ ғолибига айлантирганди.
Зайниддин Зидан
Зидан олдинроқ "Челси" ва "МЮ" келади деган миш-мишларга сабаб бўлганди. Аммо афсонавий собиқ футболчи инглиз тили билан боғлиқ муаммо сабабли "МЮ"га келмагани айтилади. Зидан учун ҳозир Англияда яна бир вариант пайдо бўлди. Айтиш керакки, унинг улкан тажрибаси "Тоттенхэм"га асқотиши мумкин. У "Реал"ни 3 марта ЕЧЛ бош совринига эриштирганди.
ИСМАТОВ Ж.