Астана шаҳрида Қозоғистон ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасида Девис кубоги баҳси якунланди. Унда мезбонлар 3-1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Сўнгги ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Денис Истомин журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
— Денис, бугунги ўйин ҳақида нима дея оласиз?
— Биринчи навбатда Қозоғистонни ғалаба билан табриклайман. Михаил бугун зўр ўйнади ва кучлироқ эди. Ўйин пайтида белимда оғриқ пайдо бўлди ва шу нарса менга ғалаба қозониш учун халал берган бўлиши мумкин. Михаил тактик жиҳатдан мени мағлуб этди. Кукушкин ҳақли равишда ғалаба қозонди, деб ўйлайман.
— Трибунада атмосфера ҳақида нима дея оласиз?
— Атмосфера яхши бўлди. Мухлислар Кукушкинни яхши қўллаб-қувватлашди. Тўғри, баъзи вазиятларда мухлислар ўзларини яхши тутишмади. Ҳар бир тўп узатишимдан олдин улар менинг шаънимга ёқимсиз сўзларни ишлатишди. Бошқа томондан, бутун дунёда шунақа. Мухлислар ўз теннисчиларига ғолиб чиқиш учун ёрдам беришни исташади.
— Сиз 3 кундан бери кортдасиз. Бу ҳолат ҳам бугунги натижага ўз таъсирини кўрсатдими?
— Балки. Бу мен учун учинчи ўйин куни эди. Шунинг учун бугунги ўйинда юқори формада бўла олмадим.
—Қозоғистон терма жамоаси ҳақида нима дея оласиз?
— Терма жамоангизнинг салоҳияти юқори. Яқинда бўлиб ўтадиган қуръадан сўнг, терма жамоангиз Девис кубогининг жаҳон лигасида қанчалик узоққа бора олиши маълум бўлади. Агар Қозоғистон қуръада Испания ёки Швейцарияга тўғри келадиган бўлса, унда кейинги босқичга чиқиш учун терма жамоангизда имконият кам бўлади.
— Қозоғистон терма жамоасига тилакларингиз.
— Қозоғистон терма жамоасига омадлар ва янги ғалабалар тилайман.