Сешанба куни кечки маҳал “Бунёдкор” аъзолари “Аделаида Юнайтед”нинг уй аренаси бўлмиш “Хиндмарш” стадионида ўйинолдидан ўзлариниг расмий машғулотини ўтказишди.
“Бунёдкор” ФК халқаро бўлим бошлиғи Ислом Ходжаевнинг хабар беришича, машғулот маҳаллий вақт билан соат 19:30да (Тошкентда 15:00 бўлади) бошланди. Эртанги баҳс айнан шу вақтда старт олади.
Машғулотда асосан тактик тайёргарликларга эътибор қаратилди. Футболчилар бир тепар услубда тўп тепишди, қанотлар ҳамда марказ орқали ташкил этиладиган ҳужумлар синаб кўрилди. Шунингдек, жарима зарбаларини қандай амалга оширишга ҳам эътибор қаратилди.
Дарвозабонлар мураббийи Абдусаттор Рахимов ўз шогирдлари Игнатий Нестров ва Акбар Тўраев билан шуғулланди.
Машғулот жараёнида барча футболчилар худди бир оиладек меҳнат қилишди. Ҳамма ОФК Чемпионлар лигаси чорак финалининг биринчи учрашувини муваффақиятли ўтказишга масъулият билан ёндашган. Футболчиларни ўйинга алоҳида тайёрлаш шарт эмас. Энг муҳими омад биз томонда бўлса бас!
Таъкидлаш жоизки, “Хиндмарш” аренаси майсалари жуда ажойиб ҳолатда. Бу ерда анча вақтдан бери футбол ўйналмай, майдон “ҳордиқ” чиқарганлигини сезиш қийин эмас. Аделаидадаги об-ҳаво ҳарорати 22-24 даража илиқ.
Менежерлар митинггида эртанги учрашувда жамоалар қандай рангли либосларда ҳаракат қилишлари ойдинлашди. Мезбонлар ўзларининг анъанавий – қизил либосида ўйнашса, “қалдирғочлар” оқ рангли формаларда майдонга чиқишади. Ҳакамлар гуруҳи эса яшил формалар кийишади.
Эслатиб ўтамиз, “Аделаида Юнайтед” – “Бунёдкор” учрашуви чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 15:00да старт олади.
Учрашувни “Спорт” телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирда кузатиб боришингиз мумкин. Шунингдек, веб-сайтимиз орқали матнли он-лайн трансляция ҳам эътиборингизга ҳавола қилинади.