Карло Анчелоттининг "Реал"даги келажаги номаълумлигича қолмоқда.
“Вальядолид” устидан қозонилган ғалабадан сўнг (6:0) мураббий 2024 йилнинг июнигача ҳисобланган амалдаги шартномасини охиригача ишлаб чиқмоқчи эканлигини яна бир бор таъкидлади. Diario AS хабарига кўра, Анчелоттининг ўзи режаларига қарамай, "Реал Мадрид" раҳбарияти унга жорий мавсум тугаганидан кейин ҳам ҳамкорликни давом эттириш борасида ҳеч қандай кафолат бермаган.
"Реал Мадрид" Ла Лиганинг 27-туридан сўнг 59 очко билан "Барселона"дан 12 очко ортда қолган ҳолда иккинчи ўринда бормоқда. Чемпионлар лигасида “қаймоқранглилар” чорак финалда “Челси”га қарши, Испания кубогида эса ярим финалда “Барселона” билан ўйнайди (биринчи ўйин каталонияликларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган).