Хабарингиз бор, Лондоннинг "Челси" клуби АПЛ 29-турида ўз майдонида "Астон Вилла"га имкониятни бой бериб қўйди — 0:2. Ушбу мағлубиятнинг эртасига жамоа босслари бош мураббий Грэм Поттерни ишдан бўшатиш ҳақида қарор қабул қилишди. Ҳозирда америкалик тадбиркор Тодд Боэли эгалик қиладиган клуб бир варакайига 5 та топ мураббий билан музокаралар олиб бормоқда.
Англиянинг The Telegraph нашри хабарига кўра, янги мураббий тайинлаш бўйича қарорни техник директор Лоуренс Стюарт ва спорт директори Пол Уинстэнли қабул қилади. Боэли бу ишларга умуман аралашмайди.
Нашр бош мураббийлик учун фаворит сифатида "Лейпциг"да Лоренс билан бирга ишлаган Юлиан Нагельсманни кўрсатмоқда.
Аввалроқ Нагельсманн "Бавария"дан ишдан бўшатилганидан кейин танаффусга чиқиб, мавсум охиригача мураббийликка қайтмаслиги ҳақида хабар берилганди.
Бироқ “Челси” немис мутахассиси билан музокара олиб боришга ҳаракат қилмоқчи. Қайд этилишича, Нагельсманнинг "Бавария"дан четлатилиши "Челси"нинг Грэм Поттерни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарорига таъсир қилмаган.
Бошқа номзодлар орасида Маурисио Почеттино ва Луис Энрике ҳам бор. Маълумотларга кўра, “кўклар” раҳбарлари сентябрь ойида Почеттино билан музокаралар олиб боришган, бироқ якунда Поттерни танлаган.
Шунингдек, “Наполи” устози Лучано Спаллетти ва “Айнтрахт” устози Оливер Гласнер билан ҳам музокаралар ўтказиш режалаштирилган.
Яқин вақт ичида "Челси" раҳбарияти номзодларнинг қайси бири клубга кўпроқ мос келишини аниқлаш учун ҳар бир номзоднинг ёндашувини таҳлил қилишни режалаштирмоқда. Якуний қарор тез кунда қабул қилинади, унгача эса жамоани Чемпионлар лигасида турнир қироллари "Реал Мадрид" кутиб турибди.