Бугун ЎФФ мажлислар хонасида Терма жамоалар маркази томонидан Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг Осиё чемпионатига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати бошлиғи Санжар Риазев ўз твиттерида хабар бермоқда.
Йиғилишда терма жамоалар маркази раҳбари Асқар Толибжонов, тезник директор Рустам Акрамов, ПФЛ директори Фарҳод Магомедов, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Дилшод Нуралиев ва бошқалар иштирок этишди.
Йиғилишда дастлаб сўз олган терма жамоалар маркази техник директори Рустам Акрамов Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг ҳозирга қадар олиб борган ишлари борасида гапириб ўтди.
«Нуралиев жамоаси Осиё чемпионатига қизғин тайёргарлик кўрди. Мен жамоанинг кўплаб йиғинларида қатнашдим. Кўриниб турибдики, футболчилар тайёр ҳолатда».
«Бу жамоа таркиби маҳаллий ва хорижда ташкил қилинган бир неча йиғинлар давомида тузилди. Қувонарлиси, жамоанинг жўғрофияси ҳам жуда кенг. Мен доим пойтахтликлар билан жамоа тузилишига қарши бўлиб келганман. Турли-туман чекка ҳудудларга ҳам чиқиш керак. Бу худди шундай тартиб тузилган жамоа. Биз кучли таркиб билан Осиё чемпионатига йўл олмоқдамиз», дея Акрамовдан иқтибос келтиради Ризаев ўз твиттерида.
Терма жамоа бош мураббийи Дилшод Нуралиевнинг сўзларига қараганда, ушбу терма жамоа 2009 йилда тузилган бўлиб, шу давр мобайнида шаклланиб бугунги кўринишга келган.
Эслатиб ўтамиз, Дилшод Нуралиев бошчилигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 22 сентябрь – 6 октябрь кунлари Эронда ташкил этиладиган Осиё чемпионатида иштирок этади. 21 сентябр куни терма жамоа мусобақада иштирок этиш учун Эронга жўнаб кетади. Нуралиев мусобақада иштирок этадиган 24 кишидан иборат таркибни аллақачон аниқлаб бўлган.