"Бунёдкор" ОЧЛ чорак финалининг дастлабки ўйинида олис Австралияда 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаб, 2 ҳафтадан кейиб бўлиб ўтадиган жавоб учрашуви олдидан ярим финалга чиқиш учун яхши имкониятга эга бўлиб олди. Айниқса, ўйин давомида Қосимов шогирдлари 0:2 ҳисобида ютқаза туриб, якунда дурангга эришишганини инобатга олсак, делегация вакиллари ортга сафарни яхши кайфиятда ўтказадиган бўлишди.
Биринчи бўлим
Дастлабки гол 7-дақиқада Нестеров қўриқлаётган дарвозага киритилди. Ҳужум чап қанотдан бошланди — тўп юқорилатиб жарима майдончасига етказиб берилди. Аделаидалик ҳужумчилардан бири тўпни бош билан шеригига қолдирди. У эса жарима майдончаси ичида дарвозага тескари тургани учун ўгирилиб зарба беришга ҳаракат қилди. Зарба қониқарсиз чиққандек кўринган вазиятда, бу ўзига хос узатма бўлиб чиқди. Чап томондан югуриб келган Рэмси дарвозанинг бўш қолган қисмини аниқ нишонга олди.
17-дақиқада Фабьен Барбьеронинг зарбаси гол бўлишига бир баҳс қолди. Австралиялик футболчи жарима майдончаси олдида шериги тўхтатиб берган тўпни дарвоза томон тепди. Игнатий Нестеров дарвозадан бироз олдинга чиқиб кетгани учун тўпни қайтариш қийинчилик туғдирган бўлсада, 1-рақамли футболчимиз қўлининг учи билан тўпни буриб юборишга муваффақ бўлди. Тўп эса дарвоза устунига теккан ҳолда майдонни тарк этди. Барибир мана шу бурчак тўпи гол билан якунланди. Бурчакдан узатиб берилган тўпга Костопоулос берган зарбани ҳимоячимиз дарвоза чизиғи устида қайтарган бўлса-да, Иваннинг ўзи такрорий зарба билан ҳисобни 2:0га етказди.
24-дақиқада "Бунёдкор"нинг ҳужуми гол билан якунланмаган бўлсада, мезбонларни бироз хушёр тортишга мажбур қилди. Карпенко ўнг қанотда Акмал Шораҳмедовни олдинга бошлади. 2-рақамли ҳимоячининг жарима майдончасига йўллаган зарбаси Жасур Ҳасановга келиб тушди. У эса тўпни Карпенко узатди. Жамоа сардорининг зарбаси кучли чиқди, аммо тўппа-тўғри дарвозабон қўлига бориб тушди.
Орадан бир дақиқа ўтиб, майдон эгалари хавфли жавоб ҳужумини уюштиришди. Барбиерро ажойиб техникаси эвазига жарима майдончаси ичида тўпни кўкраги билан қабул қилди ва бир ҳимоячимизни алдаб ўтиб, дарвозамиз томон зарба берди. Бахтимизга тўп дарвоза устидан ўтиб кетди.
Ўйиннинг 30-дақиқасида ҳисоб кўриниш олишига дарвоза тўсини халал берди. Негадир Қосимов шогирдлари бурчак тўплари амалга ошираётганда негадир ўта бўш ҳаракат қилишди. Бу сафар ҳам дарвозагача 5-6 метр масофадан Жайт дарвоза бемалол оёқ билан зарба берганди.
"Бунёдкор" ҳимояда бўш ўйнагани етмагандек, майдон марказида ҳам рақиб томонидан ишлатилган кучли прессингга ҳам дош бера олмади. "Аделаида" прессингни бироз сусайтирган ҳолатдагина вакилларимиз ўз ўйинларини намойиш қилиб (асосан қанотлар орқали), яхши вазиятлар ҳосил қила бошлашди. Ана шундай ҳужумлардан бирида Карпенконинг зарбаси аниқ бўлдию, аммо кучсиз бўлди, кейингисида эса унинг зарбасига аниқлик етишмади.
Биринчи бўлим тугашига 4 дақиқа қолганида тошкентликлар бурчак тўпи ишлашди. Карпенко бурчак тўпини тепганидан кейин ҳимоячиларга тегиб, яна ўзига қайтиб келди. Такрорий узатмадан кейин тўп Филипосянга келиб тушди. Артёмнинг тайёргарликсиз берган зарбаси эса айланма кўриниш ҳосил қилдию, аммо Галекович дарвозасининг олис бурчагига бориб тушмади.
Орадан бир дақиқа ўтиб Луфтулла Тўраев ҳужумчи Мурзоевни биргина пас орқали дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқариб юборди. Камолиддин жарима майдончасига яқинлашаётганида 3-рақамли Бугард Мурзоевни оёғидан тепиб йиқитди. Уммонлик Ал-Ҳилолий орқа чўнтагидан қизил карточкани олди ва ҳужумчини яққол гол уриш имкониятидан маҳрум қилгани учун (қоидани бузган ҳолда) Найжелга кўрсатди.
"Стандарт" эса чиройли тарзда амалга оширилди. Тўп олдига бирданига тўрт нафар футболчи туриб олди. Тўраев ва Карпенко ўнг оёқ билан зарба бериш тайёргарлик кўраётган вазиятда (одатда ўнг оёқда берилган зарба, дарвозабоннинг ўнг томонига йўналтирилади; шу боис бўлса керак, Евген айнан ўнг бурчакни қўриқлаб турганди; жонли девор эса чап бурчакни ёпиб турганди) Жасур Ҳасанов тўпни чап оёқда шундай айлантирдики, тўп жонли девордан ошиб ўтиб, дарвоза устуни ва тўсини туташган бурчакка кириб кетди! Галекович тўпга ҳаракат қилмади эмас, қилди, аммо унинг бу ҳаракати голни яқинроқ масофадан кўриш учун хизмат қилди, холос.
Иккинчи бўлим
Иккинчи бўлим бошидаёқ "қалдирғочлар" жуда чиройли комбинация орқали ўзлари учун яхши имконият ҳосил қилди. Анвар Ғофуров жарима майдончаси яқинида тўпни Жасур Ҳасановга узатди. 19-рақамли ярим ҳимоячимиз тўпни очиқ турган Тўраевга узатди. Лутфулланинг яқин масофада берган зарбасини дарвозабон қўли билан майдон ташқарисига чиқариб юборишга улгурди.
Иккинчи бўлимда "Аделаида" прессингни тўхтатиб, позиционал ҳимояланишга ўтди (бир киши кам бўлиб прессинг ишлатиш — ўзини ўзи "ўлдириш" билан баробар). Ўз майдонида тўп ўтказишни мақсад қилмаган майдон эгаларини 2:1 ҳисоби қаноатлантирмагани учун улар ҳам ўз омадларини қарши ҳужумларда излаб кўришди.
Рақибнинг бундай ўйин услубига ўтиши вакилларимизга ёқиб тушди. Улар ўз ўйинларини намойиш қилиб, рақибни асабийлашишга мажбур қила бошлашди. 57-дақиқада Жасур Ҳасанов чап қанотда очилди ва тўпни қабул қилиб олиб, жарима майдонида турган шеригига тўпни узатмоқчи бўлганида техник хатога йўл қўйди. Кейин эса ҳимоячи унинг йўлини тўсишга улгурди.
Ушбу вазиятдан бир дақиқа ўтар-ўтмас клубимиз 2та яхши имкониятга эга бўлди. Карпенконинг ерлатиб берган пасидан кейин Тўраев дарвозабон билан юзма-юз ҳолатда қолди ва тўпни тўхтатмасдан Галековичнинг устидан ошириб қўйишга ҳаракат қилди. Тўп эса Евгеннинг қўлларига тегиб, майдон ташқарисига йўл олди. Бурчак тўпидан сўнг юзага келган вазиятдан аввалгисидан кам бўлмади. Камолиддин Мурзоев дарвозага тескари ҳолатда тўпни Козакка узатди. Яннинг яқин масофадан берган зарбасини яна ўша австралиялик 1-рақамли посбон майдон ташқарисига чиқариб юборди.
Иккинчи бўлимда ташаббус тўлалигича "Бунёдкор" томонига ўтиб кетди. Ҳисобни тенглаштирувчи гол ўзини анча куттирган бўлса-да, барибир дарвозага кирди. Қизиқ томони, жуда қулай вазиятлардан гол ура олмаган меҳмонлар, оддий ва кутилмаганда гол уриб қўйишди. Анвар Ғофуров ўз қанотида ҳимоячини хато қилишга мажбур қилиб, тўпни эгаллаб олди ва жарима майдончасига узатди. Узатма унчалик муваффақиятли эмасди — ерлатиб узатилган тўпни 2 нафар ҳимоячи бемалол қайтариши мумкин эди. Аммо кутилмаганда биринчи ҳимоячи тўпни қайтара олмади, буни кутмаган иккинчи ҳимоячи ҳам ҳам тўпни ўказиб юборди. Тўп Шавкат Саломовнинг аввал ўнг оёғига, кейин эса чап оёғига тегиб (бу ҳам Галековични чалғитди), дарвоза тўрига бориб тушди. Шавкат атайлаб зарба бермади, тўп унинг оёқларидан рекошет орқали ҳосил қилиб, Евгеннинг ёнгинасидан ўтиб кетди. 2:2!
78-дақиқада захирадан майдонга тушган Анваржон Солиев жамоасини олдинга олиб чиқиши мумкин эди. Жасур Ҳасанов ўз қанотида очилган ҳолда, тўпни икки нафар ҳимоячи ва дарвозабоннинг устидан ошириб, нариги қанотда турган Анварга узатди. Солиев бош билан берган зарбани эса дарвозабон эгаллаб олди.
Ўйин давомида тинмасдан пас бериб турган Жасур Ҳасанов 83-дақиқада дарвоза томон ўзи зарба беришга қарор қилди. Жарима майдончасига ёриб қириб, тўпни ўнг томонга олиб, ўнг оёқда берган зарбаси дарвоза устидан ўтиб кетди.
Иккинчи бўлим тўлалигича "Бунёдкор"га аталган бўлсада, бир вазиятда майдон эгалари гол уриб қўйишларига сал қолди. Иван Костопоулос ўнг қанотдан ёриб кириб берган зарбасини Нестеров қайтарди ва тўп унинг олдида турган Каримовга келиб тушди. Хайрулла тепиб юбормоқчи бўлган тўп эса югуриб келаётган Кассиога тушди ва унинг зарбаси, бахтимизга, ноаниқ чиқди.
Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ўзбекистонликлар гол уриш учун 2та вазиятга эга бўлишди. 88-дақиқа Шавкат Саломов жарима майдончаси ичида тўпни Тўраевга узатди. Лутфулланинг кучли зарбасини яна бир марта Галекович бартараф этишга муваффақ бўлди. Тиниб-тинчимас Жасур Ҳасанов компенсация вақтида ўз услубида Илҳом Шомуродовни тўп билан таъминлади. Афсуски, Шомуродов зарба беришга шайлангунча, ҳимоячилар ундан тўпни олиб қўйишди.
Хулоса
Ўйин чиройли бўлди. Ҳали мавсумни бошламаган "Аделаида" биринчи бўлимни жуда юқори савияда ўтказди. Уларда шиддат юқори бўлди. Аммо иккинчи бўлимда ким аслида яхшироқ формада экани кўриниб қолди. Тўғри, ҳакам уларни бир бўлим давомида бир киши бўлиб ўйнашга мажбур қилди. Аммо бу вазият ҳам бунёдкорчиларнинг саъй-ҳаракатлари эвазига юзага келганди. Ўйиннинг энг яхши ўйинчиси эса, шубҳасиз, Жасур Ҳасанов бўлди.
ОСИЁ ЧЕМПИОНЛАР ЛИГАСИ. ЧОРАК ФИНАЛ
"АДЕЛАИДА ЮНАЙТЕД" (Австралия) - "БУНЁДКОР" (Ўзбекистон) - 2:2 (2:1)
Голлар: Ян Рамсей (7), Иван Костопоулос (18) — Жасур Ҳасанов (44), Шавкат Саломов (75)
Огоҳлантиришлар: Ян Файф (48), Иван Костопоулос (59) — Камолиддин Мурзоев (73)
Четлатиш: Найжил Бугард (42)
"АДЕЛАИДА ЮНАЙТЕД": Евген Галекович, Найжел Бугард, Кассио, Дарио Видошич (Антони Голек 53), Брюс Жайт (Сержио ван Дийк 74), Камерон Ватсон, Даниэль Бовлез, Ян Ремси (Нюман 81), Фабиен Барбиеро, Ян Файф, Иван Костопоулас
"БУНЁДКОР": Игнатий Нестеров, Акмал Шораҳмедов, Хайрулла Каримов, Анвар Ғофуров, Жавлон Иброҳимов, Лутфулла Тўраев, Артём Филипосян, Камолиддин Мурзоев (Анвар Солиев 76), Жасур Ҳасанов, Виктор Карпенко (Илҳом Шомуродов 84), Ян Козак (Шавкат Саломов 66)
Бош ҳакам: Муҳаммад Ал-Ҳилолий
Қанот ҳакамлари: Ҳамид Ал-Маяҳи, Саиф Талиб Ал-Ғофури
Захира ҳаками: Иброҳим Ал-Хосни (барчаси - Оман)