Аввал, анча аввал Ўзбекистон терма жамоаси Қатарга қарши ЖЧ-2014 саралаш ўйини олдидан Ироқ терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушиши тўғрисида хабар тарқатилганди. Бу маълумотни кейинроқ, Жанубий Кореяга қарши ўйиндан кейин Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов ҳам тасдиқлаган эди.
Ўзбекистон терма жамоаси 16 октабрь куни сафарда Қатарга қарши ЖЧ-2014 саралаш учрашувида майдонга тушиши керак. Аввал тасдиқланган режага кўра, 12 октабрь куни, яъни Қатарга қарши ўйин арафасида, тайёргарлик мақсадида, Ироқ терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушиши керак эди. Бу ўйин ҳам Қатар пойтахтида ўтказилиши керак эди.
Бироқ кеча ФИФА расмий сайти тарқатган хабарга кўра, Ироқ терма жамоаси 11 октабрь куни Бразилия терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушадиган бўлган. Бу ўйин, ёзишларича, Швециянинг Малмё шаҳрида ўтказилади.
Биз шундай тахмин қиламиз: бу режани Ироқ анчадан бери пишитиб келган, катта эҳтимол билан режалар ўзгараётгани тўғриси ЎФФни ҳам огоҳлантирган бўлса керак. Бироқ ЎФФ ҳозирча жим. Қатар терма жамоасига қарши ўйин олдида кимга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушамиз? Ёки ҳеч бир тайёргарликсиз, муҳим ўйинга 3 кун қолганда Тошкентда йиғилиб, Доҳага йўл оламизми? Ҳозирча бу саволлар жавобсиз.
Ўрни келганда айтайлик: сўнгги саралаш босқичида бир анъана кузатилаётгандек – расмий ўйин арафасида бирор бир ўйин ўтказсак, ўртоқлик учрашувида майдонга тушсак, очко ишлаяпмиз. Масалан, Ливан билан ўйингача Эрон билан ўйнагандик, бир очко ишладик. Жанубий Корея билан ўйиндан олдин эса Қувайтга қарши назорат ўйини бўлганди. Эрон билан ўйин олдидан эса ҳеч нима бўлмаганди. Ярми ўзбек футболчилардан ташкил топган легионерлар термасига қарши ўйинни ҳисобга олиб бўлмайди, албатта.