Юртимизда савоб ишни ҳар ким, ҳар қачон қилиши керак деган ажойиб нақл бор. Сир эмаски, Республикамизда боқувчисини йўқотган болалар кўпчиликни ташкил қилади. Умуман, ҳукуматимиз томонидан меҳрга муҳтож ёшларга катта эътибор берилмоқда ва бу ҳаммамизни қувонтирмасдан қолмайди.
Таъкидлаш жоизки, Андижон вилоятида ҳам ана шундай болаларга юксак эҳтиром кўрсатилиб, уларга барча шарт-шароитлар яратиб келинмоқда. Меҳрга муҳтож болаларнинг ҳолидан хабар олиш эса ҳар ким учун ҳам қарз, ҳам фарз.
«Андижон» футбол жамоаси ҳам ҳамиша боқувчисини йўқотган болаларга ғамхўрлик кўрсатиб келади. Шу муносабат билан 20 сентябр куни жамоа аъзолари Андижон шаҳридаги меҳрибонлик уйига ташриф буюрдилар. Замонавий тарзда қуриб битказилган мазкур меҳрибонлик уйида кўплаб болалар истиқомат қиладилар. Улар учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Ана шундай даргоҳга ташриф буюрган «Андижон» жамоасини болалар жуда илиқ ва хурсандчилик билан қарши олдилар.
Азамат Абдураимов бошчилигида келган футболчилар ўзлари билан бирга жуда кўплаб совғалар олиб келишганди. Уларни ушбу даргоҳда истиқомат қилаётган болаларга топшириб чиқдилар. Жамоа аъзолари у ерда яратилган барча шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Айтиш жоизки, барчада жуда илиқ таассурот қолдирди.
Сўнгра, меҳрга муҳтож болалар билан футболчилар ўртасида ўзига хос савол-жавоб ўтказилди. Ёшлар ўзлари қизиқтирган саволларга мураббий ҳамда футболчилардан жавоб олдилар. Шунингдек, эртага бўлиб ўтадиган «Андижон» - «Пахтакор» учрашувини томоша қилиш учун ушбу болалар ҳам таклиф этилдилар. Ушбу хайрли тадбир боқувчисини йўқотган болалар учун катта таассурот қолдирди ва кайфиятини кўтарди. Бу каби хайрли ишлар «Андижон» клуби томонидан мунтазам равишда давом эттирилади.