Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоасига қарши иккинчи ўртоқлик учрашувидан сўнг Португалия терма жамоаси бош мураббийи Хорхе Брас жамоасининг Таиландда бўлиб ўтадиган 2012 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарлигидан қониқиш ҳосил қилаётганини маълум қилди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, Ўзбекистон, бу – муносиб рақиб ва унга қарши ўйинлар ҳар қандай жамоага фойда келтиради.
«Биз Ўзбекистонга қарши иккита ажойиб ўйин ўтказдик. Мамлакатимизга ташриф буюргани учун бу терма жамоага миннатдорлик билдиришни истардим. Иккала ўйин Португалия терма жамоаси тўғри йўналишда кетаётганини кўрсатди. Менга иккинчи ўйинда шунчаки аъло даражада ўйин кўрсатган ярим ҳимоямиз айниқса ёқди. Таиландга йўл олиш арафасида биз ўйинимизнинг қайсидир жиҳатларини янада яхшилаймиз ва жаҳон чемпионатига оптимал ҳолатда етиб боришга ҳаракат қиламиз», - дея қайд этиб ўтди Брас.
«Ўзбекистон – ажойиб рақиб. Бундай яхши ташкил топган, тезкор ва жанговар жамоага қарши тўп суриш ҳар доим ҳам ёқимли. Баъзи бир сабабларга кўра у жаҳон рейтингида атиги 19-ўринда турибди ва Осиё чемпионатидаги муваффақиятсизликлар сабаб жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга кирита олмади. Бу каби рақиблар билан ўйнашдан биз ҳар доим хурсанд бўламиз. Айнан шундай жамоаларга қарши ўйнаб биз ривожланишимиз мумкин. Ўзбекистонлик футзалчилар бизга бир қатор муаммоларни келтириб чиқаришларини билардик ва ҳақиқатда ҳам шундай бўлди. Биз иккала ўйинда ҳам қийинчиликларни енгиб, ғалаба қозона олганимиздан хурсандман», - дея қўшимча қилди футзал бўйича Португалия терма жамоаси бош мураббийи.
Қайд этиш жоиз, 1-18 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган 2012 йилги жаҳон чемпионатида Португалия терма жамоаси «С» гуруҳидан жой олган. Гуруҳ босқичида Хорхе Брас шогирдлари Япония, Бразилия ва Ливия терма жамоаларига қарши баҳс олиб боришади.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг май ойида бўлиб ўтган Осиё чемпионати чорак финалида қитъанинг ўн карра чемпиони – Эрон терма жамоасига имкониятни бой бериб, Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга кирита олмаганди.