Суперлига 5-туридан ўрин олган ОКМК – “Навбаҳор” (2:1) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Бир-бирига муносиб бўлган икки жамоа тўқнаш келди. Ўтган мавсум Олмалиқда ўтган баҳсда ҳам жамоалар курашларга бой, тезкор, қизиқарли ва очиқ футбол намойиш этишган эди. Иккинчи бўлимда нисбатан яхши ҳаракат қилдик. Пеналтидан ўтказиб юборилган голдан сўнг иштиёқимиз янада ошди. Мен “Насаф” – “Сурхон” учрашуви қандай ўтганлигини билмайман, аммо бугун турнинг энг чиройли ўйинига гувоҳ бўлдик.
Турсунов ва Исмоилов каби тажрибали футболчилар биз учун жуда ҳам муҳим. Тажриба йиллар давомида тўпланади ва кўряпмизки, айрим вазиятларда ёшлардан ҳам яхши ҳаракат қилишмоқда. Ҳасанов ҳам “Сўғдиёна” яхши ўйинлар кўрсатиб келмоқда. Европадан ҳам кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Бегимов ва тунислик футболчига кам имконият бериляпти? Суперлигада энг кўп ротацияга қўл урадиган мураббий мен бўлсам керак. Мавсум энди бошланди ва ҳали олдинда ўйинлар жуда ҳам кўп. Пайти келганда улар ҳам майдонга тушиб, жамоага ёрдам беришади.
Миржамол Қосимов ҳамда Виталий Денисов машғулотларга эндигина қайтишди. Тўлиқ соғайиб, жисмонан тайёр бўлсалар, улар ҳам албатта майдонга тушади”, – деди Қосимов.