"ПСЖ" клуби бош мураббийи Кристоф Галтье Париж "Ницца" билан ўйинда онасига нисбатан ҳақорат ёзилган баннер осган рақиб мухлисларининг хатти-ҳаракатларидан норозилигини билдирди.
"Нега мен бундай муносабатда бўлдим? Баннерни кўрдингизми? Эшитганмисиз? Онам 83 ёшда, у саратон касаллигидан даволанмоқда. Тамом. Ўтган мавсумда қилган меҳнатим туфайли "Ницца" мухлислари бу йил еврокубоклар ўйинларини томоша қилишлари мумкин", - деди Галтье Get Football News France билан суҳбатда.
Эслатиб ўтамиз, "Ницца" билан ўйиндан сўнг Галтье трибунага яқинлашиб, "Ницца" мухлисларини киноя билан олқишлаганди.
Франциялик мутахассис ўтган мавсумда "Ницца" бош мураббийи бўлганди. Унинг раҳбарлигида клуб Лига 1да бешинчи ўринни эгаллади ва УЕФА Конференциялар Лигасига йўлланмани қўлга киритди.