Радамел Фалькао «Атлетико Мадрид»га Диего Симеоненинг мураббийлиги жамоанинг муваффақиятларида катта аҳамият касб этаётганлигини таъкидлади. Ўтган 12 ой мобайнида 42 ёшли мураббийнинг «Атлетико Мадрид» билан эришган ютуқларига қараб бунинг исботини кўришимиз мумкин.
«Биз жамоа сифатида ҳам, гуруҳ сифатида ҳам яхши шаклландик, ўйинимиз кучайди. Ўтган бир йил бир-биримизни яхши билишимизга, мураббийнинг ўйин услубига мослашишимизга сабаб бўлди, айниқса, мураббийнинг жўшқинлиги бизнинг янада кучлироқ ўйин кўрсатишимизда асосий рол ўйнади».
Фалъкао ўтган мавсумда жамоасининг Европа Лигасидаги чемпионлиги ва ўзининг гол уриш борасида сермаҳсуллиги ҳақида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
«Ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш истаги, асосий ўйинчига айланиш иштиёқи ўтган мавсумда «Атлетико Мадрид»нинг чемпион бўлишида муҳим ўрин тутди. Ҳар бир ўйинда ўзимни яхши томонлама кўрсатишга, жамоамнинг ғалабасига гол уриб ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан. Гол уришдан кўра, яна қандай яхшироқ йўл бор, ахир».