"Барселона" яқин давр ичида ўта оғир молиявий инқирозни бошидан кечиришга мажбур бўлди. Жамоада шунчалик етишмовчиликлар юзага келдики, ҳатто Лионель Месси "ПСЖ"га қўйиб юборилди. Негаки, клуб молияси супер-юлдузнинг маошини тўлаб бера олмасди. Узоқ йиллар мобайнида каталон клуби катта юлдузларни харид қилиб келган. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам майдонда ўзини кўрсата олмаган. Шундай вазиятда ўша номлар бир мавсум ичида сотиб юборилган ёки сотиш шарти билан ижарага жўнатилган.
Қуйида 2002 йилдан бери шундай ҳолга тушган юлдузлар ҳақида гаплашамиз.
Хуан Роман Рикельме
Аргентиналик афсона "Барселона"га "Бока Хуниорс"дан 10 миллион фунт эвазига олиб келинади. 2002 йилда бу қиймат анча баланд эди ва кўпчилик Рикельмедан катта нарсаларни умид қилганди. Аммо ундай бўлмади. Рикельме фақат бир мавсум жамоада бўлди ва ўша даврдаги мураббий Луи ван Гал билан чиқиша олмай, жамоани тарк этади. У "Вильярреал"га сотилади. Ўрнига эса Роналдиньо олиб келинади.
Марк Ван Боммел
Ярим ҳимоячи "ПСВ"дан эркин агент сифатида жамоага келган. Жамоанинг 2005 йилдаги бош мураббийи Франк Райкард Ван Боммелни асосий таркибга қўшади. Бир мавсум давомида 36 та ўйинда майдонга тушган футболчига "Бавария" таклиф билан чиқади. "Барселона" эса уни 6 миллион фунтга сотиб юборади.
Александр Глеб
Беларуслик юлдуз "Арсенал"да юлдузга айланган эди. Шу сабабдан "Барселона" уни 2008 йилда 12 миллион фунтга сотиб олади. Бир мавсумда 36 та ўйин ўтказган футболчи, "Барса" учун фойдаси тегмайди. Шу сабабдан 2009 йилда Глеб, ижарага бериб юборилади. Каталон клуби у сабабли катта зарар кўрган.
Дмитрий Чигринский
Украиналик ҳимоячи 2009 йилда "Шахтёр" билан УЕФА Суперкубогини ютади. Шундан кейин "Барселона" уни 25 миллион фунтга сотиб олади. Пеп Гвардиола жамоасига мослаша олмаган футболчи, бир йилдан кейин "Шахтёр"га 15 миллион фунтга яна қайтариб сотиб юборилганди. Шундай қилиб "Барселона" бир йилда ҳеч нима учун 10 миллион фунт йўқотади.
Златан Ибрагимович
"Барселона" уни 2009 йилда 42 миллионга харид қилади. Катта трансфер бўлишига қарамай, Златан энг ёмон кўчишни амалга оширганди. Негаки, швециялик ҳужумчи Гвардиола билан ҳеч ҳам келиша олмаганди. У каталонияликлар учун бир мавсумда 46 та ўйин ўтказиб, 22 та гол уришга муваффақ бўлган. Аммо кейинги йили "Милан"га яна ижарага берилади. Кўп ўтмай, Ибрагимович 22 миллионга сотилади.
Паулиньо
2017 йилда "Барселона" бутун дунёни ҳайрон қолдириб, 36 миллион фунт эвазига Паулиньони "Гуанчжоу"дан сотиб олади. "Тоттенхэм"нинг омадсиз хариди, "Барса"да ёмон мавсум ўтказмади. Аммо бразилиялик бир йилдан кейин яна Хитойга қайтиб кетган. "Барселона" эса у учун 36 миллион фунт олган.
Малком
Яқин-орада трансферлар бозоридаги энг омадсиз юриш сифатида Малком хариди эътироф этилади. У 2018 йилда "Бордо"дан 36 миллион фунтга харид қилинади. "Рома" билан Малком курашида ғолиб бўлган испан гиганти, ундан фойдалана олмади. Орадан бир йил ўтиб, бразилиялик "Зенит"га сотиб юборилади.
Ерри Мина
Эрнесро Валверде жамоасига 2018 йилда марказий ҳимоячи зарур бўлади. Шу сабабдан клуб Мина учун "Палмейрас"га 12 миллион фунт тўлов қилади. Колумбиялик футболчи "Барса"да 6 та баҳс ўтказган. 2018 йилги мундиалда порлагани сабабли, Ерри Мина ўша ёзда "Эвертон"га 30 миллион фунт эвазига сотиб юборилади.
Миралем Пьянич
Яна бир "Барселона" раҳбарияти томонидан қилинган аҳмоқона иш, Пьянич хариди эди. 30 ёшли футболчи 2020 йилда "Ювентус"дан 23 ёшли Артур Мело ўрнига алмаштирилади. Афсуски, бу алмашинув ҳар икки футболчининг зарарига ишлади. Айни дамда Пьянич "Бешиктош"да ижарада юрибди. Артур Мело эса "Ливерпул"да ижарадаги мавсумини расво равишда ўтказмоқда.
ИСМАТОВ Ж.