Дилшод Нуралиев қўл остидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё чемпионатида иштирок этиш учун Эронга етиб келди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.
Манбада ёзилишича, Тошкент - Теҳрон йўналишида парвоз қилган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси делегацияси 2,5 соатда Теҳрондаги халқаро «Имом Хумайний» аэропортига етиб борган. Шундан сўнг, Дилшод Нуралиев шогирдлари ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати иштирокчилари учун ажратилган «Parsian Azadi Hotel» меҳмонхонасига жойлашди.
Дилшод Нуралиев шогирдлари 21 сентябрнинг ўзидаёқ дастлабки машғулотларни ўтказишди. Илк машғулотлар Теҳрон вақти билан 17:00-17:45га режалаштирилган бўлиб, у меҳмонхонадан 25 дақиқалик масофада жойлашган «Роҳи Оҳан» стадионида бўлиб ўтди. Парвоз бироз толиқтирганига қарамай, терма жамоанинг барча аъзолари кўтаринки кайфиятда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 2012 йилги Осиё чемпионати «D» гуруҳида Сурия, Хитой ва Ҳиндистон терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради. Дастлабки ўйин 23 сентябрь куни Ҳиндистон ўсмирларига қарши ўтказилса, иккинчи ўйин 25 сентябрь куни Хитой термасига қарши ўтказилади. Ҳар иккала ўйин ҳам «Роҳи Оҳан» стадионларида бўлиб ўтади. Гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйин 27 сентябрь куни Сурияга қарши, «Пас» стадионида бўлиб ўтади.