Кеча Фарғона вилоят футбол федерацияси мажлислар залида селекционер мураббийлар ишини янада ривожлантириш ва уни тўғри ташкил этиш борасида йиғилиш бўлиб ўтди. Мажлисда Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов ва Терма жамоалар маркази маслаҳатчи мураббйи Вялеслав Солохолар иштирок этишди.
Йиғилишни Фарғона вилоят футбол федерацияси биринчи вице-президенти Комил Мирзабоев очиб берди.
- Бугунги йиғилишдан мақсад вилоятимизда селекция ишларини ривожлантиришдан иборат. Бугун нафақат Фарғонадан балки, Андижон ва Наманган вилояти вакилларини ҳам таклиф этганмиз. Барчамизнинг мақсадимиз битта – Ўзбекистонда футболни янада ривожлантириш. Бу йўлда биз биргаликда ишлашимиз талаб этилади.
Шўндан сўнг, Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов йиғилишнинг асл моҳияти ҳақида сўзлар берди.
- Сир эмаски, бугунги кунда Ўзбекистон футбол федерацияси юртимизда “миллионлар ўйини”ни янада ривожлантириш йўлида бир неча ишларни амалга оширилди. Шулардан бири Ўзбекистонда селекция ишларини янада такомиллаштиришга қаратилган.
Бунинг учун биз вилоятларни тўртта ҳудудга бўлиб олдик. Фарғона водийси мана шундай ҳудудлардан бири саналади. Мазкур минтақадаги ишларни таниқли мутахассис Тоҳир Кападзе назорат қилади. Аниқроғи, у кишини ЎФФнинг водийдаги махсус вакил сифатида ишга олдик. Тоҳир ака уч вилоятнинг селекция ишларига жавобгар шахс саналади. Қолган ҳудудларда ҳам мана шундай маслаҳатчи мураббийларимиз фаолият юритишади.
Тан олиш даркор, водийда иқтидорли футболчилар кўп. Аммо уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш борасида етарлича иш қилинмаяпти.
ЎФФ призеденти Мираброр Усмонов жойларда оммавий футболни ривожлантиришга кенг эътибор қаратмоқда. Селекционер мураббий фақат ўсмирлар, ёшлар ёки миллий терма жамоа учун эмас. Балки, пляж футболи, аёллар футбол ва шунга ўхшаш терма жамоаларга керакли номзодларни етказиб бериши лозим. Айтганча, терма жамоа учун тайёр бўлган футболчилар керак. Кўп ҳолларда терма жамоаларимизга бўш ўйиничларни тавсия этишади. Такрор айтаман, бизга тайёр ўйинчилар зарур. Мана шу тайёр футболчиларни эса сиз селекционерлар топишларинг керак бўлади.
Куни кеча Мираброр Усмонов ўсмирларимизни Осиё чемпионатига кузатар экан, бир нарсага алоҳида урғу бердилар. Эрондаги чемпионатда иштирок этаётган терма жамоамизнинг географияси анча кенг. Нуралиев жамоасида 11 вилоятдан келган ёш футболчилар тўп суришади. Биз келажакда бундан ҳам яхшироқ натижаларни қайд этишимиз керак.
Айни дамда Ўзбекистонда 14 та терма жамоа мавжуд. Мана шу терма жамоаларга керакли номзодларни етказиб бериш сизнинг зиммангизда.
Айтганча, ноябрь ойида 2000 йилда туғилган ўсмирлар ўртасида мусобақа ўтказмоқчимиз. Мана шу турнир баҳонасида яна битта терма жамоа ташкил этиш ниятимиз йўқ эмас. Ушбу терма жамоани бошқариш учун уч нафар номзодимиз бор. Келаси ҳафтада худди шундай йиғилишни Самарқандда ҳам ўтказамиз, деди ТЖМ директори.
Шунингдек, Асқар Толибжонов водий селекционерлари маслаҳатчиси Тоҳир Кападзега махсус гувоҳнома топширди ва селекционер мураббийларга тегишли топшириқлар берди.
Йиғилиш сўнггида Терма жамоалар маслаҳатчи мураббйи Вялеслав Солохо селекционер мураббийларнинг вазифаси борасида ўз фикрини билдириб ўтди.
“Биз селекционер мураббийлар савиясини оширишимиз керак. Тан олиш лозим, ҳозир кўпчилик селекционер мураббий ҳақида тушунчага эга эмас. Селекционер мураббийнинг вазифаси иқтидорли футболчини топишдан иборат эмас. Аксинча уни ҳар доим назорат қилиши даркор. Унинг ҳолатини аниқ билиш ва терма жамоа устози маълумот бериб туриши шарт. Мана шунда ҳамма бизни ҳурмат қила бошлайди. Селекционер мураббийлар обрўси ошади. Бу борада барчага омад тилаб қоламан. Водийдаги селекционер мураббийлар “куч бирликда” шиори остида иш курсаларинг мақсадга мувофиқ бўларди.
Аброр Деҳқонов