«Реал Мадрид» бош мураббийи Жозе Моуриньо нима учун «Манчестер Сити» билан бўлган ўйинда Серхио Рамосга қараганда Рафаэль Вараннинг афзал кўрилганлиги ҳақидаги саволга жаҳли чиқиб жавоб берди.
«Варанда ўйнаш ҳуқуқи йўқми?», дея сўзида давом этди бугунги матбуот анжуманида Моуриньо, - Рамос ўйнамади дегани, мен уни қайтиб майдонга туширмайман дегани эмас-ку, Пепе ва Варан ўша куни, ҳақиқатан ҳам яхши ўйнадилар: ақлли, тезкор ўйин қилдилар, ҳужумларни бошлашда кўмаклашдилар. Тўғри, манчестерликлар бизга иккита гол уришди, лекин уларнинг иккаласида ҳам марказий ҳимоячиларнинг айби йўқ. Биринчи гол қарши ҳужумда урилди, марказий ярим ҳимоячилар қайтиб улгурмади. Бундай вазиятда марказий ҳимоячилар иложсиз бўлиб қолади. Иккинчи гол эса кутилмаганда урилди. Ҳаттоки, Коларовнинг ўзи ҳам бундай бўлишини кутмаётган эди».
Моуриньо шундан сўнг журналистларни танқид қилди:
«Нима учун Варан ҳақида гапирмаяпсиз? Ўтган ҳафта фақат шу футболчи ҳақида гапираётган эдинглар. Унинг майдонга кўп туширилмаётгани, ёш истеъдод эгасини заҳирада қолиб кетаётганлигини, «Реал» Вараннинг имкониятларидан фойдаланмаётганлигини жар солгандинглар. Варан эндигина 19 ёш бўлишига қарамай, мухим учрашувда ажойиб ўйин кўрсатди. Сизларда ўйинчилар ҳақида гапириб, доим ким ўйнмаганлигини ёзасизлар, сизларни тушунишга қийналаман».
Мадридликлар устози жамоадаги ички низолар ҳақида гапириб, «Бу ерда ҳеч қандай жанжал бўлгани йўқ ва бўлмайди ҳам», дея таъкидлаб ўтди. «Манчестер Сити» дарвозасига Роналду томонидан урилган голнинг Икер Касильяс томонида нишонланмаганлиги ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди:
«Ҳар бир инсоннинг содир бўлган бирор воқеага нисбатан реакцияси турли хил бўлади, бу унинг ўзига боғлиқ. Ўйлашимча, бу унчалик мухим масала эмас. Баъзи пайтлари ўзим ҳам мухим ўйинларда керакли гол урилганда ўрнимдан турмаганман. Голни қанай қилиб нишонлашимни ана шу ўйинда кўрсатиб қўйдим. Ҳаммасидан ҳам энг мухими шуки, биз гол урдик ва ғалаба қозондик».