Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Самвел Бабаян: “Биз бу мусобақага жиддий қараймиз”

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон кубоги “F” гуруҳи, 1-туридан ўрин олган “Олимпия” – “Навбаҳор” (1:4) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида меҳмонлар бош мураббийи Самвел Бабаян иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.

Самвел Вячеславович ўз сўзини одатдагидек ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.

— Ассалому алайкум! Хайрли кеч! Аввало, ушбу учрашув ўтказилган жой ҳақида гапирмоқчи эдим. Мазкур стадион жойлашган коллеж ўзбек футболидаги мураббий, футболчи ва бошқа мутахассисларни етиштириб берган ажойиб даргоҳ. Бундан анча йиллар аввал ўзим ҳам шу ерда таҳсил олганман. Бу жойга қайтиш менга жуда ҳам ажойиб ҳисларни берди. “Навбаҳор” таркибидаги кўплаб футболчилар ҳам айнан шу ерда билим олишган. Бу ўқув даргоҳи нафақат футбол борасида билим берадиган, балки, ўз юртини севадиган, ватанпарвар, ўз касбига содиқ бўлган шахсларни ҳам  тайёрлайдиган ажойиб маскан ҳисобланади. Олимпия захиралари коллежи маъмурияти ва Одил Аҳмедов футбол академияси вакилларига ажойиб футбол муҳитини яратганликлари учун раҳмат айтаман. Бугун, мана бу ерда катта футбол кўрдик. “Навбаҳор”га қарши майдонга тушган ёшлар қанчалик маҳоратга эга эканликларини бугун кўрсатишди. Ўйлайманки, келажакда улар ривожланишда давом этишади ва терма жамоада ўйнаш даражасига чиқишади.

Ўйинга келсак, биз бугун таркиб билан бироз тажриба ўтказдик, ўйин амалияти бўлмаган футболчиларга имконият бердик. Муҳими, натижа қониқарли. Эътирозлар, камчиликлар албатта бор. Бунинг устида ишлашда давом этамиз. Умуман олганда, бу каби ўйинларга тўғри тайёрланиш бироз мушкул бўлади. Йигитларга ушбу баҳс муҳимлиги ҳақида қанча гапирилса ҳам барибир рақибдан бир бош устун эканимиз уларнинг хаёлидан ўтади. Шу сабабли ҳам, йигитларнинг барча имкониятларини ишга солишлари бироз қийин кечди. Биз бунга охирги 10 дақиқада эришдик ва бор кучимиз билан ҳаракат қила бошладик.

— Ўйиндан сўнг Одил Аҳмедов билан суҳбатлашганимизда, у “Навбаҳор”нинг асосий ўйинчилари ушбу учрашувда майдонга тушишлари муҳим бўлганини айтди. Бизда ўз-ўзидан Одил Аҳмедов учрашув олдидан сиздан айнан асосий футболчиларни майдонга туширишини сўрагани ҳақида фараз пайдо бўлди. Албатта, ёш футболчиларга тажриба бўлиши сифатида. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?
— Йўқ, мен фаолиятим давомида рақиб жамоа вакиллари билан бирор марта  ниманидир келишиб олмаганман. Бу масалага келсак, биз асосий таркиб билан ўйнашга мажбур эдик. Айниқса, ўйиннинг охирида. Биринчидан, биз бу мусобақага жиддий қараймиз. Иккинчидан, бизда бошқа футболчилар йўқ. Жамоада 13-14 нафар ўйинчилар бор. Биз фақат бир таркиб билан ўйнаймиз. Қолганлар ёшлар. Шу сабабли ҳам биз таваккал қилишни истамадик.

Бундан ташқари, ўйин амалиёти ҳам керак эди, чунки турлар орасидаги муддат 9 кунни ташкил қилади.

— “Навбаҳор” ўринбосарлар таркиби сизнинг талабингизга жавоб бермайдими? Бугун жамоангиз 2006-2007 йилларда туғилган футболчиларга қарши майдонга тушди. Шу нуқтаи назардан қаралса, ўринбосарлар таркибини майдонга ташласангиз ҳам бўларди...
— Мен бир нарсани кўп айтганман. Мен футболда тажрибаларни қабул қилмайман. Клубда тажрибалар эмас, аниқ стратегия бўлиши керак. Европа ёки бошқа жойларда иккинчи даражали турнирларда ҳар хил тажрибалар қилишади. Биз эса Ўзбекистон кубогига жиддий ёндошмоқдамиз. Шу билан бирга, йигитларда ўйин амалиёти бўлиши керак. Ёшларга келсак, бизда иқтидорли ёш футболчилар етарли. Масалан, U-17 терма жамоаси йиғинларига тўрт  нафар футболчини жўнатамиз. Умуман олганда, тахминан 6 нафар футболчимиз бу жамоага номзод.

Шунингдек, “Навбаҳор”нинг 2 нафар футболчиси Ўзбекистон – U-20 терма жамоасининг Испаниядаги ўқув-машғулот йиғинида қатнашмоқда. Шунингдек, таъкидлаганимдек, 4 нафар вакилимиз эртага Ўзбекистон – U-17 термаси сафига қўшилади. Бу эса “Навбаҳор” учун юқори натижа саналади.   

— “Олимпия” футболчилари ичидан кўзга ташлангани бўлдими?
— Албатта, иқтидорли йигитлар бор. Масалан, “Олимпия” сафида гол урган ҳужумчи. У айнан “Навбаҳор” футболчиси ҳисобланади ва ҳозирда ижарада. У бугун икки томонлама иштиёқ билан ўйнади. “Олимпия”да етарлича яхши ўйинчилар бор. Бугун биз буни кўрдик.

— “Олимпия” ўйинини таҳлил қилдингизми? Жамоа қандай ўйин кўрсатди? “Навбаҳор” ўз дарвозасидан ўтказиб юборган тўпда нима юз берди?
— Ўтказиб юборилган тўпга келсак, агар бугун VAR бўлганида, гол бекор қилинарди. Чунки, у ерда дарвозабонга ҳужум бўлганди. Бугун ҳакам курашишга қўйиб берди. Умуман олганда, бутун чемпионатда шундай курашлар бўлиши керак. Хорижга чиққанимизда, бизга бироз ноқулай бўлади. Сабаби, маҳаллий чемпионатда ўзаро курашларга унчалик ҳам имконият қолдирилмайди. Осиё майдонларида эса ҳакамлар курашишга қўйиб беради. Бу яхши, албатта. Голда дарвозабонга нисбатан қўполлик бўлганди. Посбонимиз симуляция қилмади. У терма жамоа дарвозабони, у биринчи рақам. Рақиб ўйинини албатта ўргангандик. Улар қандай ўйнашади, стандарт вазиятларда қандай ҳаракат қилишади. Барчасини ўргангандик. Бизда бу ишни бажарадиган алоҳида таҳлилчилар гуруҳи бор.

— Ўзбекистон кубок учрашувлари доирасида эндигина профессионалликка қадам қўяётган жамоалар “Навбаҳор”, “Пахтакор”, “Бунёдкор” каби йирик клублар билан ўйнамоқда. Кичик туманларга ҳам гранд жамоалар ташриф буюришмоқда ва у ердаги мухлислар учун бу албатта яхши. Шу ҳақда фикр билдирсангиз...
— Албатта, бу футболимизни оммавийлаштиради. Сир эмаски, айнан шу каби беллашувларда янги номлар пайдо бўлади. Улар шу каби ўйинлардан трамплин сифатида фойдаланишади. Бу жуда яхши бошланиш. “Олимпия” шунга мисол, албатта. Хориж футболидан маълумки, гранд клублар шу каби кичик жамоалар билан ўйнаб, баъзида мағлубиятга ҳам учрашади. Бу эса ўша жамоа ривожланишига ва ўша жамоадаги футболчилар учун катта футболга қадам бўлиши мумкин. Бу жуда яхши нарса.

— Агар VAR бўлганида, балки, “Навбаҳор” пенальти тепмаган, аксинча, “Олимпия” пенальтига эга бўлган бўларди. Бундан ташқари, “Навбаҳор”нинг 3-голи ўйиндан ташқари ҳолат сабабли, бекор бўлган бўларди. Умуман олганда, охирги вақтлардаги ҳакамларнинг хатолари жамоаларга қандай зарар келтирмоқда?
— Тўғриси, ҳакамликни муҳокама қилиш ниятим йўқ. Ҳакамлар ҳам биз каби инсонлар. Агар мен гапирсам, жуда кўп гап бор. Бироқ, бир нарсани айтиб ўтишим жоиз, баъзи жамоалардан фарқли ўлароқ, биз ҳеч қачон бу борада нолимаймиз. Баъзи жамоалар ўзаро ўйинларимиздан сўнг, пенальти бор эди, пенальти йўқ эди, дея эътироз билдиришни бошлаб юборишади. Мен ҳозир фақат фактларни гапираман. Учинчи турда исталган чемпионатда ҳисобланадиган гол урдик. Аммо голимизни бекор қилишди. Пенальти тепилаётганида, рақиб ўйинчиси ўша пайтнинг ўзида футболчимиз томон югуриб келди. Бу нарсаларни биз гапирмаймиз. Ҳакамларга эса хато қилиш ҳос нарса, чунки улар ҳам инсон. Биз ҳеч қачон бу каби мавзуларни кўтармаймиз. Агар айб қидириш керак бўлса, инсон айбни ўзидан излаши керак. Биз мағлубиятга учрасак, ҳакамнинг хатоларидан эмас, ўз айбимиз билан мағлуб бўлган бўламиз. Ҳакамлик қийин соҳа, сониянинг қандайдир улушида керакли қарорни қабул қилиш керак. Охирги турларда ўзининг барча камчиликларини ҳакамларнинг хатоси билан хаспўшлаб, қаҳрамонга айланишга ҳаракат қилаётганларни кўряпмиз. Бунақаси бўлмайди. Инсон ҳар бир ҳолатда ўзи бажараётган ишга лаёқатли эканлигини кўрсатиши керак.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Манба: www.pfcnavbahor.uz
Киритилди: 05:00, 20.04.2023.
Ўқилди: 1335 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.