Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Дилшод Нуралиевнинг сўзларига кўра, Сурияга қарши ўйин қанчалик оғир бўлишини вақт кўрсатади, деб ёзмоқда ЎФФ расмий сайти.
25 сентябрь куни Эронда ўтказилаётган ўсмирлар ўртасидаги 2012 йилги Осиё чемпионати иштирокчиси – Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ босқичи 2-тур ўйинлари доирасида Хитой терма жамоасига қарши майдонга чиқди. Ўйин 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди.
«Бу футбол ва футболда баъзан шундай ҳолатлар бўлиб туради. Биз ўзимиз юзага келтирган вазиятлардан фойдалана олмадик, шунинг учун ҳам бугунги ўйинда ғалаба қозона олмадик», - деди Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи.
Хитой терма жамоаси мусобақадаги илк учрашувни Сурия терма жамоасига қарши ўтказган эди. Хитойликлар ўша ўйинда биринчи бўлиб ҳисобни очганликларига қарамай, ўйин якунланишига саноқли сониялар қолганида – 90+4-дақиқада ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборганди. Ўшанда хитойликлар устози бу вазиятни шогирдлари толиқиб қолгани билан изоҳлаганди.
«Режамизга кўра, биз ўйин бошидан ташаббусни ўз қўлимизга олиб, ушбу ташаббусдан фойдаланиш эди. Ўйин давомида биз қатор қулай имкониятларга эга бўлдик, бироқ улардан унумли фойдалана олмадик. Кейинги ўйинда мана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратамиз», - деди Нуралиев.
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Хитойни мағлуб эта олганида, кейинги босқич масаласини муддатидан аввал ҳал қилиб қўйган бўларди. Энди эса сўнгги турда Сурияга қарши ўйинда ижобий натижага эришиш керак. Сурия 1-турда Хитой билан дуранг ўйнаган бўлса, 25 сентябрь куни Ҳиндистон билан нурсиз дурангга имзо чекди.
«Сурияга қарши ўйин қанчалик оғир бўлиш-бўлмаслигини вақт кўрсатади», - дея қўшимча қилди Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Дилшод Нуралиев.