Яна икки кундан сўнг "Навбаҳор" кўҳна Бухорода меҳмон бўлади.
20-турда вакилларимиз "Олмалиқ" устидан "чиройли" тарзда ғалабани тантана қилишди. Учрашувни барча кўрди, қандай "кескин" ва "муросасиз" ўтганини. Анчадан бери "Навбаҳор" бундай "мухлисларбоп" учрашув ўтказмаган эди. Албатта, муҳими натижа! Қандай ўйин кўрсатишидан қатъий назар, бизга очко жуда зарур! "Олмалиқ" билан ўтган учрашувдаги натижадан қониқдик, ўйиндан эмас.
Олдинда "Бухоро" тўсиғи турибди. Кўпчилик ушбу тўқнашувдан дурангни кутмоқда. Лекин меҳмонда бир очко қўлга киритиш учун анчагина тер тўкиш керак. "Бухоро" албатта "Олмалиқ" каби енгилгина таслим бўлмайди.
Гарчи ҳозирда 10-ўринни эгаллаб турган бўлсакда, ҳали ҳеч нарса ҳал бўлмаган. Биргина мағлубият 13-поғонага етаклаши мумкин. Шундай экан, футболчиларимиздан мазмунли ўйинлар кутиб қоламиз. Кечагиндагидек ўйин бўлса, очко йўқотишимиз аниқ.
Мавсум охирига келганда "лочинлар"нинг парвозини кутиб қоламиз. Шунча пайт ишлатилмаган қанотларга зора жон кириб қолса. Умид қиламизки, Александр Клименко дружинаси Бухоро сафаридан очко билан қайтажак!
Дилмурод ҒОФУРОВ, Мингбулоқ тумани