"Нефтчи" - "Андижон" жамоалари ўйинидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббий Юрий Саркисян қатнашди.
Юрий Саркисян («Нефтчи» клубининг бош мураббийи):
— Асосийси, ғалаба қозониб уч очкони қўлга киритдик, дейди Юрий Вазгенович. - Ҳар доим бунақа дербилар доим қийин ўтади. Тўғри, биринчи бўлимда хоҳлаганимиздек ўйнай олмадик. Иккинчи бўлимда вазиятлар кўп бўлди. Фақат охирги дақиқаларда йигитлар тўхтаб қолишди. Шундай бўлса-да, муваффақиятга эришдик. Ўтган учршувда Мансур Саидов, Бахтиёр Ёқубов ўйнай олмаганди. Доим таркибда муаммолар бўляпти. Бугун учта ўйинчимиз – Шавкат Насибуллаев, Дилёр Эрматов ва Иқбол Акрамовларнинг сариқ карточкалари тўрттага етгани боис «Пахтакор»га қарши учрашувда ўйнай олмайдилар.
— Павел Смоляченконинг соғлиги қандай?
— У жиддий жароҳат олган. Ҳозир Москвада. Операция қилдириши керак эди. Нима қилди экан, билмадим. Бундай жароҳатни мен ҳам бошимдан ўтказганман. Айнан шу туфайли футбол ўйнашни тугатишимга тўғри келганди. Бундан ташқари Азамат Жўрамуродов ҳам яхши ўйинчи эди. Лекин шундай жароҳатга учрагач футбол ўйнамай қўйди. Лекин умид қиламизки, Смоляченко бу қийинчиликни енгиб ўтади.
— Бугун «Локомотив» мағлубиятга учради. Бу «Нефтчи»га қўл келса керак?
— Ҳали кураш тўхтагани йўқ. Биз «Шўртан» билан «Локомотив»ни қувишда давом этамиз. Иккала жамоаларнинг олдида қийин ўйинлар бор. Биз эса охиригача курашамиз.