Ўзбекистон футзал ассоциацияси кубоги учун ўтказилаётган мусобақанинг иккинчи финалчиси ҳам аниқланди.
"Максам-Чирчиқ" ва "Ардус" жамоалари ўртасидаги ўйин анча қизиқарли кечди. Чирчиқликлар сафида терма жамоага номзод бир неча нафар футболчилар тўп сураётган бўлса, амалдаги чемпион сафини етакчи ўйинчиларнинг деярли барчаси тарк этди. Етакчилардан фақат Жамолиддин Шарипов, Дилшод Раҳматов ва Николай Кравченко қолишганди. Шунга қарамай, "Ардус" футболчилари яхши ҳимояланишди. Урилган голларда эса етакчиларнинг ҳиссаси улкан бўлди. Кравченко ҳам дарвозада ажойиб турди.
Жамолиддин Шарипов ҳар иккала бўлимда биттадан гол уришнинг уддасидан чиқди. Иккинчи бўлимнинг иккинчи ярмидан бошлаб чирчиқликлар беш футболчи тактикаси билан тўп сура бошладилар. Ўйин тугашига 4 дақиқа қолганида уюштирилган комбинацияни Хуршид Тожибоев гол билан якунлади.
Ўйиннинг қолган дақиқаларида чирчиқликлар томонидан уюштирилган штурм гол билан якунланмади. Ассоциация кубоги финали эртага соат 16:00да бошланади. Унда "Локомотив" ва "Ардус" жамоалари бош соврин учун кураш олиб борадилар.
Ассоциация кубоги. Ярим финал
"Максам-Чирчиқ" - "Ардус"
Голлар: Хуршид Тожибоев - Жамолиддин Шарипов (15, 24)