2012 йил 24 сентябрда “Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабини ташкил этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–1822-сонли қарори эълон қилинди.
Унда Республикамизда кучли мактабга эга бўлган ҳамда Олимпия ўйинлари ва халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришган спорт курашини олимпия спорт турларидан бири сифатида янада кенг ривожлантириш, иқтидорли ёшларни эркин ва юнон-рум кураши билан мунтазам шуғулланишга фаол жалб этиш, уларнинг спорт маҳоратини ошириш ҳамда тренер кадрларнинг салоҳиятини ривожлантириш, шу асосда мамлакатимиз терма жамоалари учун ишончли захирани шакллантириш борасида зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Тошкент шаҳрида Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабини ташкил этишга қарор қилинганлиги таъкидланган.
Мазкур олимпия захиралари мактабида 60 нафар ўқувчи таҳсил олади. Улар турар-жой, тўрт маҳал овқат, спорт экипировкаси ҳамда махсус кийим-бош, спорт ускуналари ва анжомлари билан таъминланадилар.
Мактаб Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳкўчасида жойлашган спорт комплекси базасида ташкил этилади. Шунингдек, мактабнинг балансига «Динамо» стадиони 1 ой ичида белгиланган тартибда бепул ўтказилиб берилади.
Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабига 3 та хизмат автотранспорти, шу жумладан, битта автобус таъминоти учун лимит бериладиган бўлди.
Номи: “Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабини ташкил этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Қабул қилган раҳбар: ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов
Қабул қилинган сана: 2012 йил 24-сентябрь
Шахсий фикрим:
Азал-азалдан бизда спорт кураши мактаби ўз обрўсига ва нуфузига эга бўлиб келган. Деярли барча халқаро мусобақаларда, Олимпиада ўйинларида ушбу спорт йўналиши бўйича ватандошларимиз шоҳсупадан жой олиб, юртимиз байроғини юксакларга кўтаришга ўз ҳиссаларини қўшишган, ваҳоланки бунинг натижасида бизга олам-олам қувонч ва фахр туйғусини улаша олишган. Биргина Артур Таймазов кўрсатаётган қаҳрамонликларни эслаш кифоя. Юқоридагиларни инобатга олиб, мазкур қарор жуда тўғри ва оқилона эканлигини беихтиёр таъкидлагимиз келади. Ким билсин, балки йиллар ўтиб, Ўзбекистондаги спорт кураши мактаби худди Ямайка енгил атлетика мактаби каби машҳур бўлиб кетар. Балки йиллар ўтиб, биз ҳам, худди ямайкаликлар каби битта Олимпиадада 3-4 та олтин олишса ҳам норози бўладиган даражага чиқармиз.
Мазкур мактабдан янги Артур Таймазовлар чиқиб, халқаро майдонларда юртимиз байроғини юксакларга кўтаришига тилакдошман!
Хушнудбек Худойбердиев