Осиё чемпионлар Лигаси чорак финал доирасидан ўрин олган «Бунёдкор» ва «Аделаида Юнайтед» учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида"қалдирғочлар" бош мураббийи Миржалол Қосимов иштирок этди.
— Авваламбор, барча мухлисларни қўшалоқ байрам билан табрикламоқчиман. Ўсмирларимиз Эронни ютиб, Осиё чемпионатида финалга чиқишди. Ўйинга келадиган бўлсак, кеча айтганимдек, томошабоп футбол бўлди. Кўпгина вазиятлар яратдик. Футболда "сен урмасанг, сенга уришади" деган гап амал қилди. Лекин шогирдларим ҳисобни тенглаштириб, ютишга муваффақ бўлди. Бу менимча мухлисларга жуда катта хурсандчилик олиб келганини таъкидлашим жоиз.
— Анвар Солиевнинг аҳволи қандай? Шунингдек, сизни ҳакам нега майдондан четлатди?
— Илтимос қилишди (кулади). Ўйин пайтида бироз ҳиссиётга берилиб кетиб, техник зонани тарк этганим учун шунақа қарорга келинди. Анвар Солиевга келадиган бўлсак, унга аниқ ташхис қўйилгандан кейин маълум бўлади.
— Нега жамоа иккита ўйинни ҳам бироз пассивроқ бошлади?
— Агар ҳазилга оладиган бўлсак, тактика эди бу (залда кулгу). Лекин жиддий гапирадиган бўлсак, бу — футбол, унда нима бўлишини билиб бўлмайди. Яхшиямки, 30 сонияда эмас, 4-дақиқада гол ўтказиб юбордик. Бу ҳақда ўйинни дискини кўриб чиққанимдан кейин аниқроқ фикр билдиришим мумкин.
— Илгари Ғарбий зонадан кўра Шарқий зона кучли бўларди. Бунга мутахассис сифатида қандай баҳо берасиз?
— Футбол бир жойда тўхтаб қолмайди, ўсади. Буни бир-бирига боғлаш қийин. "Аделаида"нинг ҳам қандай кучли жамоа эканини кўрдингиз. Шарқий зонада ҳам жамоалар кучли. Лекин Ғарбий зона жамоалари ҳам ўсишда давом этишмоқда.
— 2008 йилдан бери "Бунёдкор" биринчи бор ярим финалга чиқди. Ўша даврдан буён жамоангизда нимадир ўзгардими?
— Таркиб жиҳатдан жуда катта фарқ бор. У пайтда Ривалдо, Вильянуэва каби футболчилар бор эди. Қолаверса, бир қатор кучли маҳаллий футболчиларимиз бор эди. Ҳозир эса деярли юлдузларсиз жамоа билан ярим финалга чиқа олдик. Ўртада катта фарқ бор.
— Жамоа таркибидаги энг яхши футболчини ажратиб кўрсатган бўлардингиз?
— Бу провакация! Мен боя ҳам айтдим, бугун бутун жамоа яхши ўйнади.
— Ярим финалда қайси жамоа билан ўйнашни истардингиз: "Ульсан"ми ёки "Ал-Ҳилол"?
— Насиб қилгани.