“Манчестер Сити” ЕЧЛнинг 2-турида ҳам ғалаба қозона олмади. Айтишимиз мумкин, “шаҳарликлар” “Этихад стэдиум”да “Боруссия Дортмунд” билан бўлган ўйинда мағлубиятдан аранг қутулиб қолдилар. Кеча бўлиб ўтган ўйиннинг бош қаҳрамони инглизлар дарвозабони Жо Харт бўлди десак, асло муболаға қилмаган бўламиз. Шу куни ўз жамоасининг бир очкога эришишида унинг сейвлари асосий рол ўйнади. Ўйиндан сўнг дарвозабон ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Умид қиламанки, ЕЧЛ доирасида ўтказган икки ўйинимиз бесамар кетмайди. Биз асосий эътиборимизни гуруҳдан чиқишга қаратганмиз. Лекин кўриб турибсизки, гуруҳнинг қуйи поғоналарида бормоқдамиз”.
Ўйин қаҳрамони бўлган Жо Харт ҳеч қайси ўйинда бунчалик кўп зарбани қайтармаганлигини тан олди.
“Мен яхши ўйнадим, лекин, бахтга қарши, ҳамма зарбани қайтара олмадим. Гол ўтказмасликка ҳаракат қилдим, лекин “Боруссия Д” шу куни кучли ҳимоя талаб қиладиган ўйин намойиш қилди”, дейди англиялик дарвозабон Sky Sports га берган интервьюсида.