Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Дилшод Нуралиев: «Бизни қизиқарли финал кутиб турибди»

Баҳо:
+1 | -

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Дилшод Нуралиевнинг фикрича, 6 октябрь куни мухлисларни қизиқарли ўйин кутиб турибди. Шу куни Теҳрондаги «Пас» стадионида Ўзбекистон ҳамда Япония ўсмирлари Осиё чемпиони унвонини қўлга киритиш учун майдонга чиқишади.

«Аввало, Япония терма жамоасини финал ўйини йўлланмасини қўлга киритгани билан табрикламоқчиман. Ўйлашимча, бизни эртага қизиқарли, курашларга бой бўлган жанговар финал кутиб турибди. Биз Японияга қарши тўртта ўйин ўтказганмиз, бироқ шундан бери Япония термасида кўп ўзгаришлар бўлган, янги ўйинчилар қўшилган. Бундан ташқари, биз авваллари фақат ўртоқлик, назорат учрашувларида майдонга тушганмиз, навбатдаги баҳсда эса Осиё чемпиони номи аниқ бўлади. Бу умуман бошқа савия – бунга умуман ўзгача муносабат билан ёндашилади. Аввалги ўйинларга қандай тайёргарлик кўрган бўлсак, Японияга қарши ҳам шу руҳда ҳозирланамиз», - деди Ўзбекистон ўсмирлари устози.

Япония ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Йошитаке Хирофуми эса Ўзбекистонга қарши ўйин қийин бўлишини таъкидлаб ўтди. «Бўлажак рақибимизни финалга қадар етиб келгани билан табриклаймиз. Ўзбекистон – кучли жамоа, унга қарши ўйин, албатта, биз учун қийин бўлади. Биз Ўзбекистонга қарши 4 марта майдонга тушганмиз, бир марта дуранг ўйнаб, уч марта имкониятни бой берганмиз. Ўзбекистоннинг ҳимояси кучли, қарши ҳужумда хавфли ўйнайди. Агар уларни тўпсиз қолдира олсак, мақсадимизга етишамиз», - деди япониялик мутахассис.

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси кетма-кет иккинчи марта Осиё чемпионати финал ўйинида тўп сурмоқда. Икки йил аввал Тошкентда ўтказилган мусобақада Алексей Евстафеев шогирдлари Шимолий Кореяга 0:2 ҳисобида имкониятни бой беришганди.

«Тошкентда ўтган финалда – бу, албатта, бизнинг фикримиз – вакилларимиз ёмон кўрсатишмаганди, бироқ биринчи бўлимда бир ўйинчимизнинг қизил карточка билан жазолангани мағлубиятимизга асосий сабаблардан бири бўлганди. Биз кетма-кет иккинчи марта мусобақа финалига етиб келдик, бу – жамоамиз учун, Ўзбекистон учун эътиборга молик натижа. Эртанги ўйинда муносиб ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз», - деди Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи.

«Бизга тақдим этилган машғулот майдонлари сифати тўғрисида илиқ фикрдаман. Бироқ биз учта ўйинимизни ўтказганимиз – «Роҳ Оҳан» стадиони майдони ҳолати ҳақида бу фикрни билдириб бўлмайди. Финал ўйини ўтказиладиган «Пас» стадиони майдони сифати ёмон эмас. Қолган шарт-шароитлар масаласида бизда муаммо йўқ, шогирдларим барчасидан қониқиш ҳосил қилишмоқда. Бунинг учун Эронга ва мусобақа ташкилотчиларига миннатдорчилик билдиришни истардим», - дея қўшимча қилди Дилшод Нуралиев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ўсмирлари терма жамоаси Осиё чемпионати финал учрашувида оқ рангли либосларда ҳаракат қилади.

Манба: www.the-uff.com
Киритилди: 15:00, 05.10.2012.
Ўқилди: 5237 марта.
Фикрлар: 13 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.