Жанубий Кореянинг «Daily Sports» нашрининг 5 октябрдаги таҳлилий мақоласи «Икки қуённи бир вақтда ушлаш осон бўлмаган иш», дея бошланади. «Бош мураббий Ким Хо Гоннинг муаммолари янада чуқурлашадиган кўринади. Кимсан Осиё грандларидан бўлган “Ал-Ҳилол”ни сафарда 4:0 ҳисобида ютиб, ярим финалга чиққан бўлса-да, ҳали хурсандчилик қилишга анча эрта. Олдинда Кей-лигадаги зич тақвими ва орада терма жамоанинг ўйинлари борлигини инобатга олсак, жамоа ОЧЛ ярим финалига ҳорғин ҳолда етиб бормасмикин, деган хавотирлар пайдо бўлади».
Дарҳақиқат, Кей-лигада ҳал қилувчи босқич бошланган ва «дард устига чипқон» деганларидек, «Улсан Хёндэ»ни жиддий рақиблар кутмоқда. Нашр шунга эътибор қаратаркан: «Улсан» ҳозирча Кей-Лига «А» гуруҳида (Корея Кей-лигасида мавсум сўнгида 16та жамоа 8тадан икки гуруҳга бўлинади ва совринли ўринлару лигада жон сақлаш учун курашилади) «Сувон»дан 2очко кам жамғарган ҳолда 4-ўринда турибди. ОЧЛ ярим финалида «Бунёдкор»ни мағлуб этса, орзулар финалига чиқиши мумкин. Лекин Кей-лига ва ОЧЛда бараварига юқори шоҳсупага чиқиш қийиндек кўринмоқда. Бунинг устига 16 октябрда терма жамоамиз Эронга қарши сафар ўйинини ўтказади. Бу эса қўшимча босимни англатади», деб ёзади.
«8 октябрда «Улсан» Кей-лига доирасида «Жежу Юнайтед»га қарши ўйинни ўтказади ва 9 октябрда терма жамоага номзод бўлган Квак Тэ Хви, Ким Ёнг Кванг, Ли Кеун Хо, Ким Шин Вук каби футболчилар Эронга йўл олишади. Бу вақт ичида «Улсан» 14 октябрда «Поханг Стилерс», 17 октябрда эса ўтган йилги Кей-лига чемпиони «Чонбук»га қарши ўйинларни ўтказади. «Поханг Стилерс» билан ўйин аслида ОЧЛ чорак финали муносабати билан ортга сурилган ўйин бўлиб, «Чонбук» билан ўйин эса ОЧЛ ярим финали муносабати билан олдинга сурилган ўйин (бу ўйин аслида 21 октябрда ўтиши керак эди). Бу икки ўйинда 4 нафар терма жамоага номзод футболчилар қатнаша олишмайди».
Нашрга кўра, бундай зич тақвимдан бош мураббий Ким Хо Гон ҳам норози экан. «ОЧЛда қатнашаётган жамоага алоҳида муносабатни талаб қилишга ҳаққим йўқ, аммо қандай қилиб терма жамоа йиғини даврида бирданига 2та ўйин ўтказишимиз кераклигига тушунмаяпман. Ахир 7 ноябрь санаси бўш турибди. Шу санадан фойдалансак ҳам бўлади-ку. Бундай ҳолатда зарар кўришимиз энг катта муаммодир», дея «Улсан Хёндэ» бош мураббийи Ким Хо Гоннинг сўзларини келтиради нашр.
«Улсан Хёнде» 24 октябрь куни сафарда «Бунёдкор»га қарши ўйинни ўтказади ва 27 октябрда ортга қайтади. Эртаси куни 28 октябрда Кей-Лигада «Сувон»га қарши 37-тур ўйини турибди. Бош мураббий Ким Хо Гон: «ОЧЛ муваффақиятли қатнашиш учун Кей-лигада кучни камроқ сарфлашни ўйлаб кўрдим. Лекин сафимизда йўқотишлар ҳам кўплиги асосий таркибга дам беришимга имкон бермайди» ,деди.
«ОЧЛ ярим финали ҳам жуда муҳим, аммо ушбу турнирнинг кейинги мавсумида ҳам қатнашиш учун Кей-лигада ҳеч йўғи 3-ўринга эга бўлишимиз лозим», дея сўзини давом эттиради Ким Хо Гон. «3-ўрин учун курашдаги асосий рақобатчиларимиз «Сувон» ва «Поханг Стилерс»лардир. Терма жамоага номзод хужумчиларимизга дам беришим мумкин. Лекин ҳимоя чизиғимизда муаммо етарли. Марказий ҳимоячилар – Чой Сонг Хван, Ли Же Сонг жароҳатларидан фориғ бўлишгани йўқ. Ҳимоячи Квак Тэ Хви терма жамоа ихтиёрида бўлишини ҳисобга олсак, ҳимоядаги муаммолар ҳазилакам эмаслиги ойдинлашади».
Отабек Йўлдошев, Жанубий Корея, Сеул.