Тошкентда ўтказилаётган бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бугун 7та вазнда сўнгги финал жанглари ўтказилмоқда. Белград-2021 мундиалида кумуш медалини қўлга киритган Абдумалик Ҳалаков (57 кг.) олтин медаль учун кубалик Родригес Хортага қарши рингга кўтирилди.
Ҳар қандай боксчи учун ноқулай жанг услубига эга бўлган Абдумалик рақибга нисбатан кўпроқ зарбалар берди. Кубалик чарм қўлқоп устаси ғалаба учун катта иштиёқ билан жанг қилди. Аммо Ҳалаковни мағлуб этиш қийин эди. У барча раундларда устунликка эришди. Иккинчи бўлимда рефери Хортага огоҳлантириш бергани учун ҳаттоки ундан бир балл олиб ташланди — 5:0 (30:26, 30:26, 30:26, 30:26, 29:27).
Шу тариқа, Абдумалик Ҳалаков жаҳон чемпионатида кумуш медалдан сўнг олтин медални ўз ҳисобига қўшиб қўйди.
Тошкентдаги турнирда олтин медалларимиз сони тўрттага етди. Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон биринчи ўринда бўлиши аниқ бўлди!