Суперлига 10-туридан ўрин олган ОКМК – “Андижон” учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Икки хил бўлим гувоҳи бўлдик. “Андижон” жамоаси иккинчи рақам остида, зич ҳимояланишини билган ҳолда учрашувга жиддий тайёргарлик кўрган эдик. Дастлабки таймда нафақат узоқ масофага узатилган тўплар, балки яқин масофадаги пасларда ҳам хатоларга йўл қўйдик. Кийим алмаштириш хонасида йигитларга ҳам буни таъкидладим. Ҳар бир футболчи 2 мартадан тўпни йўқотганида ҳам, 20 бор тўпни қайтариш учун кураш олиб боришимизга тўғри келади. Иккинчи бўлимда ўзгартиришлар киритдик.
Хомяковни “Машъал”да ишлаб юрган пайтидан яхши биламан. Унинг қўл остидаги футболчилар тартибли ҳаракат қилишади. Бундай жамоаларга қарши ўйнаш оғир. Шунга қарамасдан, вазиятлардан фойдаланиб, мақсадимизга эришдик. Бугун мағлуб бўлишимиз ҳам мумкин эди. Боиси, бутун жамоа ҳужумга ўтганида, рақиб қарши ҳужумдан фойдаланиши мумкин эди, яхшики ундай бўлмади.
Голдан сўнг бошқача ҳаракатландик. Яна гол киритдик, аммо офсайд қайд этилди. Айнан шундай ҳаракатланишни ўйин бошидан бошлаш керак эди.
Боакега қандай кўрсатма бердим? Йўқ, у ўз ишини қилмоқда. Учрашувдан олдин барчага бир хил кўрсатма берилган эди. “Андижон” зич ҳимоялангани учун узун узатмалар билан ҳаракат қилдик. Ҳужумчи ўз ишини қилиши, гол киритиши керак”, – деди Қосимов.