Ғузорда Ўзбекистон миллий чемпионати 22-тур доирасидан ўрин олган “Шўртан” - “Бухоро” жамоалари ўртасидаги учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманига фақатгина мезбонлар устози Эдгар Яковлевич Гесс ташриф буюрди. Якунига етган ўйин ҳақида ўз фикрларини билдирар экан, “Оқ бўрилар” бош мураббийи кутилмаган мағлубиятдан фожеа ясаш керак эмаслигига урғу бериб ўтди:
— Бугунги ўйин оғир кечишини ҳамда “Бухоро” жамоаси асосий эътиборини ҳимоя ва қарши ҳужум тактикасига қаратишини яхши билар эдик. Биз шунга мос равишда тактика қўллаб, ўйин боришини назорат қилишга, ҳужум ташкил қилиш билан бирга ҳимояни ҳам унутмасликка ҳаракат қилдик. Мен аввал ҳам таъкидлаб келганман, бутунлай ҳимояга ётиб олган жамоага қарши ўйнаш осон эмас. Бу сафар ҳам худди шундай бўлди. “Динамо”га қарши ўз майдонимизда ўтган аввалги учрашувда рақиб қаршилигини енга олган бўлсак, бу гал омадимиз келмади.
— Бунга нима сабаб бўлди, дея оласиз?
— Шогирдларим бутун учрашув давомида, айниқса иккинчи бўлимда рақибга катта босим остида ҳужумлар ташкил қилишди. Бухороликлар иккинчи бўлимда деярли ҳимояга ётиб олишди. Мен айнан мана шу ҳолатдан хавотирда эдим. Негаки, бундай вазиятларда ҳимояланаётган жамоа кутилмаганда имкон топиши билан тезкор қарши ҳужум уюштиради. Шу боис ҳам танаффусда йигитларга ҳужум ташкил қилиш билан бирга бир дақиқа бўлса-да, ҳимояни ҳам унутмаслик кераклигини такрор ва такрор уқтиргандим. Афсуски, ғалабага бўлган интилиш, иштиёқ футболчиларимизни чалғитиб юборди ва улар гол киритилган вазиятда хатога йўл қўйишди. Бу эса пировардида бизга қимматга тушди.
Лекин шундай бўлса-да, шогирдларимга эътирозим йўқ. Уларга ҳужумкор ва чиройли ўйин учун раҳмат айтаман. Бу футбол, ўйин ва унда ҳар қандай натижа қайд этилиши мумкин. Тўғри, биз бу йилги мавсумни яхши кўрсаткичлар билан якунлашни мақсад қилганмиз ва ҳозирги сарҳисоб палласида ҳар бир очконинг қиммати баланд. Юқорида айтганимдек, мағлубиятдан ҳеч ким кафолатланмаган. Ҳатто дунёнинг энг номдор жамоалари ҳам ўзлари учун муҳим вазиятларда имкониятни бой бериб қўйишади. Футбол эса аслида шуниси билан эътиборли ва қизиқдир. Шундай экан “Бухоро”дан учраган мағлубиятимиздан фожеа ясашга ҳеч қандай асос йўқ. Аксинча, бу ҳолат бизни янада сергак тортиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Ўз ишимизни таҳлил қилиб кўрамиз, хатолар устида ишлаймиз, кечаги мағлубиятни тезроқ унутиш ва йигитларнинг кайфиятини кўтариш йўлида ҳаракат қилимиз. Ахир олдимизда ҳали энг муҳим учрашувлар турибди.
— Демоқчисизки, “Шўртан” ўз олдидаги вазифаларни бажариш йўлида курашни давом эттиради.
— Албатта-да, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Мен ва умуман клуб раҳбарияти, мухлисларимиз мақсадимиз йўлида йигитларга, уларнинг кучи, салоҳияти ҳамда имкониятига тўла тўкис ишонамиз.