Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Дилшод Нуралиев: «Биз билан ўйинларда фаворит саналган жамоаларни енгдик»

Баҳо:
+1 | -

Ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати ғолибларини кутиб олиш учун Тошкент аэропортига мингдан ортиқ мухлислар, ОАВ ходимлари, Федерация ва вазирлик раҳбарлари, ҳукумат аъзолари чиқишди. Туркия орқали юртимизга етиб келган самолёт соат 16:50да Тошкент аэропортига қўнга бўлса-да, делегация аъзоларининг аэропорт залидан чиқиши бироз чўзилиб кетди. Боиси, залнинг ўзидаёқ уларни Бош вазир ўринбосари, ЎФФ президенти ва бош котиби табриклашди. Уларга эсдалик учун совғалар топширилди.

Аэропортдан чиқиб келишганидан кейин футболчилар ва мураббийлар халойиқ қуршовида қолиб кетишди. Табриклар, қутловлар ва суратга тушишлардан кейин делегация аъзоларининг фикрини олишга муваффақ бўлдик.

Дилшод Нуралиев, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи:
— Осиё чемпионатига жўнаб кетаётганимизда олдимизга жаҳон чемпионатига чиқиш вазифаси қўйилганди. Шу боис бўлса керак, шогирдларим гуруҳ босқичида унчалик яхши ўйин кўрсата олишмади. Биз асосий эътиборни чорак финалга қаратган ҳолда, гуруҳ босқичида рақибларга ҳақиқий ўйинимизни кўрсатмасликка ҳаракат қилдик. Тўғри, агар гуруҳ босқичидан чиқолмай қолганимизда, бу нарса баҳона бўла олмасди. Гуруҳ ўйинларида бор имкониятларимизни кўрсатмаган бўлсак-да, биз Ҳиндистон, Хитой ва Сурия билан ўйинларда жуда кўплаб имкониятларни яратдик, аммо улардан фойдаланишда оқсадик.

Чорак финалга чиқиб олганимиздан кейин эса футболчиларда ўзига бўлган ишонч ошди ва Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири Жанубий Кореяга нисбатан ўйин давомида яхшироқ ўйнаганимизни барча кўрди. Пенальтилар сериясида эса омад бизга кулиб боқди ва жаҳон чемпионатига чиқдик. Асосий вазифа уддаланганидан кейин йигитларда ортиқча босим қолмади ва ярим финалда мезбонларни мусобақадан чиқариб юбордик. Тан олиш керак, финалда Япония бизга нисбатан тактик, ўйинчиларнинг танлови борасида устунлик қилди. Улардан ўрганидан жиҳатларимиз кўп, очиғи. Бу ўйинда Яратган бизни қўллади ва чемпионликни қўлга киритдик.

Эътибор беринг, плей-офф ўйинларидан бошлаб бизнинг рақибларимиз фаворит сифатида тилга олиндилар. Жанубий Кореянинг ғалабасини тахмин қилишди, аммо уларга ўз ўйинини кўрсатиш имконини бермадик. Эрон финалга чиқадиган бўлса, сўнгги ўйинни "Озодий"да ўтказмоқчи бўлганди. Бу ўйинда майдон эгаларининг имкониятлари юқори баҳоланганди ва биз бу ўйинда мусобақадаги энг чиройли ўйинимизни кўрсатдик. Финалда эса ғолиб чиқишни жуда ҳам истадик ва бунга эришдик.

Фурсатдан фойдаланиб, давлатимиз раҳбари Ислом Каримов, Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмоновга, Терма жамоалар марказига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Улар бизга керакли шароитларни яратиб беришмаганида, хориж ўқув-машғулот йиғинларини ташкил қилишмаганида биз бу ютуқларга эришмаган бўлардик.

Осиё чемпионати баҳслари кўрсатдики, ҳали камчиликларимиз кўп. Энди бироз ҳордиқ чиқарамиз ва Жаҳон чемпионатига тайёргарликни бошлаймиз. Жаҳон чемпионатида ҳам яхши иштирок этишга ҳаракат қиламиз. Айтиб ўтганимдек, бу футбол. Қайси жамоа муайян ўйинга яхши тайёргарлик кўрса, тўғри тактика танласа, ўша жамоа ғолиб чиқади. Бизни қўллаб-қувватлаган барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 19:33, 07.10.2012.
Ўқилди: 5617 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.