27 май куни Суперлига доирасида “Андижон” жамоаси Яйпаннинг “Турон” клубига қарши майдонга тушади. Эндиликда барча эътибор мазкур учрашувга қаратилган. Бу баҳс водий дербиси бўлгани учун ҳам унга бўлган қизиқиш жуда юқори.
Ўтган йили иккала жамоа про лигада иштирок этганини биласиз. 2022 йилги про лига мавсумида бу жамоалар 4 марта тўқнаш келишган. Шуларнинг 2 тасида андижонликларнинг қўли баланд келган бўлса, бир баҳсда яйпанликлар ғалаба қозонишган, бир ўйин эса дуранг билан якунланган.
Қолаверса, ўтган йили жамоалар Ўзбекистон Кубогининг 1/8 финалида ҳам тўқнаш келишган. "Бобур Арена"да бўлиб ўтган учрашувда мезбонлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган.
“Андижон” ва “Турон” клублари Суперлигада илк бор икки йил аввал – 2021 йилда тўқнашишган. Андижондаги баҳсда томонлар 1:1 ҳисобида дуранг қайд этишган. “Турон”даги баҳсда эса майдон эгалари 1:0 ҳисобида устун келган.
Кўриб турганингиздек, Суперлигадаги ўйинлар тарихи яқиндагина бошланди ва навбатдагиси элитадаги ўзаро 3-тўқнашувга айланади.
“Андижон” матбуот хизмати.