Бундеслигадаги чемпионлик интригаси нолинчи йиллардаги бир мавсумни эслатиб юборди.
«Байер» «Бавария»га рақобат қилиб юрган пайтлар. Сўнгги тургача «Бавария» пешқадам бўлиб борган, охирги турда «Мюнхен 1860» майдонига сафар уюштиришганди. У пайтларда жонли эфирлар кам, ўйинни эртаси куни кўрганман. Қизиғи, «Байер» чемпион бўлганини қаердандир эшитиб қолдим, демак Мюнхенда нимадир бўлган, кўриш керак.
Хуллас, ўйин бошланди, «Бавария» ҳисобни очди. Аммо мен биламанку, якунни, демак, роса қизиқ бўлган. Ўйин охирлаган сари, ҳарорат ошиб боряпти, нима, қандай қилганикин «Мюнхен 1860»?
Сўнгги дақиқаларда «Бавария» иккинчи голни урди. Ҳакам 4 дақиқа қўшиб берди. Даҳшат. Наҳотки ҳозир мен ҳеч қачон унутилмайдиган воқеа гувоҳи бўламан? Учта голни мезбонлар қачон уради?
Йўқ, хато маълумот экан. «Байер» чемпион бўлмаган. Ўйин 0:2 лигича тугади (Охирги марта кейин бунақа туйғуни «Кловерфилд 10» фильмини кўрганимда ҳис қилдим, тавсия, қизиқ кино).
Хуллас, яна шунақа бўлди. Барибир «Дортмунд»га ишонгандим охиригача. 6 та ўта хавфли вазиятдан бирортасини голга айлантирганда ҳам, охирида имконият бўларди...
Менимча, бугун «Боруссия» курашгани эмас, байрам қилгани тушганди. Зўр стадион, ажойиб мухлислар, ҳеч нарса керак бўлмаган, тўрт турдан бери фақат ютқазаётган қулай рақиб. Ют ва чемпион бўл!
«Майнц» кутилмаганда, кураш таклиф қилгач, жамоа ўзига кела олмади. Ўша курашувчанлик модини вақтида ёқа олмади. Ҳатто стадион ҳам ўзига ўхшамагандек, баъзи паллаларда устига қуйилган совуқ сувни ҳис қилиб ўтиришди. Фақат сўнгги ярим соат етарли эмас, албатта.
«Бавария» қаторасига 11-марта чемпион. 4 тур олдин «Бавария»ни ютган «Майнц» қарзини қайтарди.
Дортмунддаги стадионни бу ҳолатда ҳеч кўрмагандим. Ўйин тугагач. Тўла ва жимжит.
Қаҳрамон Асланов.