“Ан-Наср” ҳужумчиси португалиялик Криштиану Роналду кеча, 3 июнь куни Сингапурдаги “Виктория Жуниор” спорт коллежида талабалар билан теннис ўйнади. Бу ҳақда у ўзининг Instgaram саҳифасида маълум қилди.
Футболчи у ерга узоқ йиллик дўсти ва хайриячи Петер Лим томонидан молиялаштирилган 2 та ёшлар стипендиясини қўллаб-қувватлаш учун борган. Мазкур стипендия 2011 йилдан 2022 йилгача 54 спорт тури бўйича 4402 нафар талаба-спортчиларга ажратилган. Петер Лим бу учун ўз чўнтагидан 9,2 миллион АҚШ доллари сарфлаган.
Роналду ташриф чоғида Сингапур маданият, жамият ва ёшлар вазири Эдвин Тонг ва кадрлар вазири Тан Зее Ленг билан учрашишдан олдин икки талабага қарши теннис мусобақасида ҳам қатнашди.
“Унга қарши ўйнаш имкониятини қўлга киритиш мен учун ақл бовар қилмайдиган натижа. У мени жуда илҳомлантиради ва бу мени машғулотларда яхшироқ ишлашга ундайди”, дейди Роналду билан рақобатлаша олган 17 ёшли Пракшэьта Куппусами.
Шуниндек, ташриф давомида Криштиану ва талабалар ўртасидаги савол жавобларга ҳам вақт ажратилди. Футболчи билан суҳбатлашиш мақсадида келган мингдан ортиқ талабалар 10 дақиқа ичида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Роналду талабалардан бирининг “2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этасанми ёки йўқ?”, деган саволига ҳам жавоб берди.
“Биринчидан, мен кейинги мавсумда Европада ўйнашни хоҳлайман. Қолганини эса вазиятнинг ўзи сизга кўрсатиб беради”, дея жавоб берди Криштиану.
Таъкидлаш жоиз, бу январ ойида Саудия Арабистонининг “Ан-Наср” клубига 200 миллион АҚШ доллари эвазига кўчиб ўтган 38 ёшли Роналдунинг Сингапурга сўнгги ўн йил ичида бешинчи марта бориши ҳисобланади.