Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Афсонавий финални эслайсизми?

Баҳо:
+ | -

«Ливерпул»нинг собиқ сардори ва «Милан»нинг ўнг қанот ҳимоячиси тарихда «ИСТАНБУЛ МЎЪЖИЗАСИ» номини олган даҳшатли ЕЧЛ финал баҳсини эслашди.

Airlines ҳамкорлигида уюштирилган ушбу ўзига хос интервьюда «Милан»нинг бразилия­лик ўнг қанот ҳимоячиси Кафу ва «Ливерпуль» сардори Стивен Жеррард 2005 йилги Европа Чемпионлар Лигаси турнири тарихидаги энг драматик ҳал қилувчи ўйин ҳақида гапиришади. Ўшанда «Милан» биринчи бўлимда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонади, аммо «қизиллар» танаффусдан кейин уч марта жавоб бериш йўлини топишганди. Қўшимча таймаларда бошқа гол киритилмайди ва ўйин тақдири лоторея - пенальтилар серияси орқали аниқланди. Унда эса мерсисайдликларнинг польшалик посбони Ежи Дудек қаҳрамонга айланди - Андреа Пирло ва Андреа Шевченколарнинг зарбаларини совуққонлик билан қайтаради ва «қизиллар» 3:2 ҳисобида ғалабани тантана қилишади.

ТАНАФФУС: «МИЛАН» - «ЛИВЕРПУЛЬ» - 3:0 

(Мальдини, 1; Креспо, 39, 44)

Стивен Жеррард: - Уларнинг жамоаси ва бизнинг жамоамизга қаранг, бу бир-бирига мос келмайди. Биз ўйинни жуда ёмон бошладик. Мен ўйин режаси йўқолганини ҳис қиляпман ва биз биринчи бўлимда умуман ўзимизга ўхшамадик. Рақибга ҳатто яқинлаша олмадик, уларнинг ўйин схемасини, тузилмасини англай ололмадик. Ва, шубҳасиз, танаффусдаги жамоавий суҳбат муҳим бўлиши керак эди, чунки биз нақ 3:0 ҳисобида ортда эдик.

Кафу: - Мен учун ушбу ўйин ЕЧЛда биринчи марта ғалаба қозонишга ҳақиқий имконият эди. Рақиб эса ҳам кучли, ҳам ёрқин ўйнаётган «Ливерпуль» эди. Ўйиннинг биринчи ярмида «Милан» мутлақо бенуқсон эди: ҳисоб ҳам ажойиб эди - 3:0! Танаффусга хотиржамлик билан чиқарканман: «Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониш вақти келди», деб ўйладим.

Жеррард: - Бир неча ҳафта давомида тайёргарлик кўрасиз. Сизда ўйин учун аниқ режангиз бор, лекин ўша режа кутилмаганда бузилиб кетади. Тўпни шунчаки рақибга бериб қўйдик. Мен қўлларимни баланд кўтаришим керак эди - биринчи бўлимда жуда ёмон ўйнадим. Лекин орзулар тамом энди, деб ўйлаганингизда шундай бўларди. Мен эса жамоа сардори сифатида танам билан тил топишишим, ишончни сақлашни унутмаслигим ва танаффусдан кейин шунчаки гол уришим керак эди.

 

90 ДАҚИҚА: «МИЛАН» - «ЛИВЕРПУЛЬ» - 3:3 

(Жеррард, 54; Шмицер, 56; Алонсо, 60)

Жеррард: - Танаффусга чиқдик ва Рафа (Бенитес) мухлисларни тингланг, у ерга боринг ва буни қадрланг, деди. У ечиниш хонасида хотиржам турарди ва жуда аниқ гапирди: бир нечта тузатишлар, баъзи ўзгаришлар киритди. Дитмар Хаманнинг майдонга тушиши ҳал қилувчи омил бўлди, десам хато қилмаган бўламан. Чунки у бизга ўйинга қайтиш учун кўпроқ тажовузкор бўлишимизга имкон берди.

Кафу: - Иккинчи бўлимга қайтдик ва атиги 10-12 дақиқадан сўнг, улар битта жавоб голини уришди: 3:1. Бироздан кейин - 3:2. «Ливерпуль» иккинчи голини урганида, жамоамиз бироз ҳушёр тортгандай бўлди. Лекин «Ливерпуль» барибир ҳисобни 3:3га келтирди.

Жеррард: - Менинг майдондаги позициям дарвозага анча яқин эканлигини кўришингиз мумкин — биринчи гол ҳам шунинг асносида киритилди. Риисе (Жон Арне) икки марта зарбага уринди, мен эса аслида шунчаки бўйнимни чўздим. Бу ўз навбатида, бизга озгина ишонч бағишлади ва биз яна олдинга интилдик. Бунинг натижасида иккинчи жавоб голи ҳам ўзини кўп куттирмади: Влади (Владимир Шмицер)нинг зарбаси, Милан Барош зарба йўлида бўлиб қолиши... эҳ, қандай туйғулар... Энди ўзимизга бўлган ишонч тошарди. Тўпга кўпроқ эгалик қила бошладик олдинга силжидик. Мен югурдим ва кучли бўлмаган алоқани ҳис қилдим ва шунчаки йиқилдим: пенальти! Хаби Алонсо эса совуққонлик, хотиржамлигини йўқотмай учинчи жавобимизни бера олди.

Кафу: - «Ливерпуль» ўйинни тенглаштирди, аммо жамоа­миз жуда тажрибали ва ишончли бўлганлиги сабабли, биз совуққонликни сақлаб қолишга муваффақ бўлдик. Асло ютқазишга рози эмасдик, исталган вақтда тўртинчи голни урамиз, деб ишонгандик.

ҚЎШИМЧА ТАЙМЛАР

Жеррард: - Хоҳлаган жойимизга етиб борганимизни билардик. Кейин бу баскетбол ўйинига айланиб кетди: бир бизнинг дарвозамизни ўққа тутишга уринишлар бўлса, бир биз рақибга шундай жавоб берардик, лекин натижа чиқмади, энергия тугади, ҳамма чарчади. Айтиш жоиз, қўшимча таймларда рақиб бироз кучлироқ кўринди. Лекин ўша оқшом Ежи (Дудек)нинг фантастик сейвлари жонимизга оро кирди ва уёғига пенальтилар сериясига ўтдик.

Кафу: - Ўйиннинг охирида дақиқасида Шевченкода ажойиб имконият юзага келди: дарвозабон шунчаки қўлларини очиб турарди, лекин зарба унинг кўкрагига бориб тегади. Шундан кейин мен ўйладим: «бугун «Ливерпул»­ни мағлуб этолмаймиз!»

«ОТИШМА»

Кафу: - Пенальтилар серия­сига ҳам ўтдик ва мен: бундай бўлиши мумкин эмас! дедим, биринчи зарбамиз хато, иккинчиси... бугун мен бу сов­ринни қўлга кирита олмайман, деб ўшандаёқ ишонч ҳосил қилдим.

Жеррард: - Бундай пайтда бошқача бўлиши мумкин эмас: Хўш, болалар. Фақат ўз ишингизни қилинг, диққатни жамланг, ҳамма нарсани тўғри бажарганингизга ишонч ҳосил қилинг... Шу гапларни гапираман ва бешинчи пенальтига руҳий тайёргарлик кўраман. Яхшиямки, бунга ҳожат қолмади, чунки Ежи Шевченконинг зарбасини қайтарди ва мени катта синовдан озод этди. Ҳа, ҳаётимдаги энг яхши кеча бўлди.

Кафу: - Биз финалда ют­қаздик, лекин бу мен учун ақл бовар қилмайдиган ўйин бўлди. «Ливерпуль» бизни пенальтилар сериясида мағлуб этди, аммо улар бу ғалабага ҳақли эришдилар.

ЕЧЛ. ФИНАЛ

МИЛАН (Италия) - ЛИВЕРПУЛЬ (Англия) - 3:3 (3:0, 0:3, 0:0)

Пенальтилар бўйича - 2:3.

25 май. Итанбул, «Отатурк» номли Олимпия стадиони. 69000 томошабин.

Бош ҳакам: Мехуто Гонсалес (Испания).

Голлар: Мальдини (1), Креспо (39, 44) - Жеррард (54), 

Шмицер (56), Хаби Алонсо (60).

Милан: Дида, Кафу, Яп Стам, Неста, Мальдини, Пирло, Гаттузо (Руи Кошта, 112), Зеедорф (Сержиньо, 86), Кака, Шевченко, Креспо (Томассон, 85).

Ливерпуль: Дудек, Финнан (Хаманн, 46), Каррагер, Хюйпя, 

Траоре, Хаби Алонсо, Луис Гарсия, Жеррард, Риисе, Гарри Кьюэлл (Шмицер, 23), Барош (Жибриль Сиссе, 85).

Пенальтилар серияси:

Милан: Сержиньо (ноаниқ)

Пирло (дарвозабон)

Томассон (гол)

Кака (гол)

Шевченко (дарвозабон)

Ливерпуль:

Хаманн (гол)

Сиссе (гол)

Риисе (дарвозабон)

Шмицер (гол).

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 21:14, 05.06.2023.
Ўқилди: 27502 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.