Хабарларга кўра, 2024 йилдан Бразилия терма жамоаси Карло Анчелотти билан ҳамкорлик қила бошлайди. Агар шундай бўлса, ҳозирдан "Реал" унга ўринбосар тайёрлайвергани маъқул. Кўплаб ойлар Анчелоттининг кетиши ҳақида гап-сўзлар айланди. Ҳозир эса бу ҳақиқатга яқиндек кўринмоқда. "Қироллик клуби" шартномага кўра, Анчелотти билан 2024 йилнинг ёзида хайрлашиши керак. Шундан сўнг, афсонавий мураббий Бразилия МТЖнинг доимий устозига айланиши мумкин бўлади. Қуйида уни "Реал"даги ўрни учун номзодлар билан танишамиз.
1. Рауль Гонсалес
"Реал" тарихидаги энг яхши футболчилардан бири бўлган шахс, ҳозирда клуб академиясида менежерлик қилади. У аллақачон "қироллик клуби"нинг келажакдаги мураббийи сифатида қарала бошлади. Бундан олдин ҳам "Реал" Кастильяда фаолият юритган Зиданни бош мураббий қилиб, адашмаган эди. Бу сафар ҳам мана шу услуб иш бериши мумкин.
2. Хаби Алонсо
Яна бир "Реал" афсонаси, аллақачон клуб бошқарувига ўтган. Алонсо ўзининг қисқа вақтлик мураббийлик фаолиятида кўпчиликни қойил қолдириб улгурди. 2010 йилги мундиал ғолиби "Байер Леверкузен"ни пастки ўринлардан Бундеслиганинг етакчилари сафига олиб чиқди. Унинг жамоаси кейинги мавсумнинг Европа лигасида иштирок этадиган бўлди. Ҳа, унинг Мадридга қайтиши катта воқелик бўларди. Аммо бунга ҳали эрта деб ҳисоблайдиганлар ҳам топилади.
3. Жозе Моуриньо
"Реал" тарихидаги энг яхши учинчи кўрсаткичга эга бўлган мураббийни тайинлашнинг ўзига яраша афзалликлари бор. Аммо бунинг ўйлайдиган жиҳатлари ҳам мавжуд. Орадан вақтлар ўтди. Моуриньонинг ҳозирги қарашлари замонавий футбол тенденсияларига мос келмаслиги аён бўлиб улгурган. Шундай бир вазиятда, португалияликни яна "Реал"га қайтариш тўғри бўлармикин? Бизнингча, йўқ...
4. Антонио Конте
Конте айни дамда мураббийлар бозоридаги энг яхши номлардан бири. Агарда "Реал" қисқа вақтда Ла-лигани ютишни кўзлаётган бўлса, Конте яхши вариант саналади. "Қаймоқранглилар" учун италияликнинг титулларга бой тарихи сабаб бўла олади. Шундай экан, юриш Пересдан.
5. Зайниддин Зидан
Карло Анчелотти 2.0.
Охирги марта Зидан Анчелотти ўрнига олиб келинган пайтда, француз кетма-кет уч мавсум ЕЧЛ бош совринини қўлга киритганди. Зиданнинг бошқарув услуби ўзига хослиги билан ажралиб туради. Унинг қарорлари барча учун манзур келади. Афсонани учинчи марта Мадридга қайтариш эса таваккал иш бўлиши ҳам мумкин. Негаки, Зидан тайёр жамоада яхши ишлаб кета олади. Аммо ҳозирги "Реал"ни унчалик ҳам "тайёр" деб бўлмайди.
ИСМАТОВ Ж.