Хабарингиз бор, Ўзбекитон ногирон-ампутантлар терма жамоаси Калининградда ўтказилган навбатдаги жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритди. Вакилларимиз финалда мезбонлар — Россияни мағлуб этишгани эътиборга молик.
Россия ногиронлар футбол федерацияси вице-президенти Иван Киянский мусобақа якуни бўйича чемпионат.com сайтига интервью бериб, Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
— Ўзбекистон терма жамоаси кучли эди, буни тан олиш керак. Улар гуруҳ баҳсларида ҳам яққол ажралиб туришганди. Биз ҳам ўз гуруҳимизда 1-ўринни олдик, аммо рақиблардан яққол кучли жамоа сифатида кўзга ташланмадик. Ўзбекистон эса яхши шаклланган жамоа. Бунгача улар кетма-кет 2та жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритишганди. Буниси учинчиси бўлди. Улар бир неча йиллардан бери битта таркиб билан ўйнаб келишмоқда. Уларнинг сафида 3-4 нафар иқтидорли йигитлар бор. Улардан бири собиқ профессионал футболчи бўлиб, жамоада диспетчер вазифасини бажаради. Ёши 40га кирган бўлса-да, у майдонни мастерларча кўра олади!
— Сўнгги йилларда жаҳонда етакчилик учун Ўзбекистон ва Россия ўртасида жиддий кураш кечмоқда. Яна қайси жамоа бу жамоаларга рақобатчилик қила олиши мумкин?
— Турклар анча ўсишга эришишди. Уларни осонлик билан ютиб бўлмайди. Гана ҳар бир ўйинда тиш-тирноғи билан курашмоқда. Сальвадор кучайган. Шунингдек, жамоаларнинг ўртача савияси ошиб бормоқда.
— Россия ногиронлар терма жамоасининг муваффақиятига муносабат қай даражада бўлди?
— Спорт ташкилотлари аввалгига қараганда бизга яхшироқ эътибор қарата бошлашди. Лекин ҳеч қандай мукофот бўлмади. Яхшиямки, Калининград вилояти раҳбарияти 1, 2 ва 3-ўринлар учун 25, 15 ва 5 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот жорий қилишди.
Биз 20 йилдан бери ампутантлар ўртасида Россия чемпионатини ўтказиб келаётган бўлсак-да, мусобақа ОАВда деярли ёритилмайди. Сафимизда кўпкарра жаҳон чемпионлари, хизмат кўрсатган спорт усталари, халқаро тоифадаги спорт усталари бор. Лекин 2010, 2011 йилларгача ҳеч қандай матбуот, ҳеч қандай ОАВ бизнинг мусобақалар билан қизиқмаган. Фақат маҳаллий матбуот оз-моз маълумот тарқатади.