"Локомотив" - "Навбаҳор" учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида "темирйўлчилар" бош мураббийи Равшан Муқимов иштирок этди.
— Охирги ўйинлар жамоамиз учун қийин бўляпти. Бугун ҳам гарчи йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлсакда, руҳий томондан бизга осон бўлгани йўқ, — деб сўз бошлади Равшан Қобилович. – Вақтида гол уриб олдик. Шундан кейин меҳмонларда ҳам имкониятлар бўлди, бахтимизга улар бундан фойдалана олишмади. Кейин яна гол урдик ва муҳим бўлган ғалабага эришдик.
— Ушбу ғалабадан сўнг жамоада 3-ўринга яхши имконият пайдо бўлди. Бой берилган очколарни эслаб, афсусланмаяпсизми?
— Биласиз, жамоамиз шу йил олий лигага чиқди. Янги шаклланган жамоа ўйинини топиб олиши учун маълум вақт керак. Шу боис 1-даврада ўйинимиз қовушмай, кўплаб очколар бой берилди. Давралар оралиғида таркибга бир-икки футболчи олдик ва шундан сўнг жамоанинг ўйини очилиб кетди. Тўғри, ҳозир бизда назарий жиҳатдан 3-ўринни эгаллаш имконияти бор. Бироқ, бу кўп жиҳатдан "Нефтчи" — "Насаф" ўйинига боғлиқ. Агар бизда 3-ўрин учун имконият туғилган экан, нима учун бунга интилмаслигимиз керак? Ҳар қандай жамоа борки, бундай имкониятдан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қилади. Қолганини эса вақт кўрсатади.
— Мавсум аввалида Шадриннинг ўз спорт формасини тиклаб олиши учун вақт керак дейилганди. Мавсум поёнига етмоқда-ки, у ҳамон ўз ўйинини топиб олганича йўқ...
— Шадриннинг ҳозирги жисмоний ҳолати 90 дақиқа ўйнаш имкониятини беради. У бизнинг асосий таркиб футболчиси. Бироқ, футболда ҳеч бир мураббий ғалаба қозонган таркибни ўзгартирмайди. Қолаверса, ҳар сафар таркиб рақибнинг имконияти, ўйин услубидан келиб чиқиб танланади. Бугун Шадрин заҳирадан майдонга тушган бўлса, эртага асосий таркибда ўйнаши мумкин. Вақтида унга имконият ҳам берилди, асосий таркибда ўйнаган ҳолатлар ҳам бўлди. Шадрин бизда асосий таркиб футболчиси.
— "Локомотив"нинг муваффақиятлари, кучи қайси футболчиларга боғлиқ, деб ҳисоблайсиз?
— Бизда Месси, Иньеста ёки Роналду сингари футболчилар йўқ. Жамоамиз муваффақиятлари бир-икки футболчига боғлиқ, деб ўйламайман. Бизнинг ютуғимиз – жамоавий ўйинни яхши йўлга қўйганимизда. Агар алоҳида ўйинчини айтиш керак бўлса, жамоанинг ҳақиқий етакчиси деб Павел Бугалони айтган бўлардим. У жамоамиз сардори ва ҳақиқий етакчи. Унга катта умид боғлаганмиз.