"Порту", "Интер" ва "Челси"да катта муваффақиятларга эришган Моуриньо, дунёнинг энг яхши мураббийларидан бири ҳисобланади. Аммо унинг соврин ютишдан ҳам кўра, кучлироқ бир инстинкти бор. У ҳам бўлса, қўл-остидаги ўйинчилари билан жанжаллашишдир. Қуйида португалиялик мутахассис ва у билан уршиб қолган футболчилардан тузилган жамоа эътиборингизга ҳавола этилади.
Дарвозабон: Икер Касильяс
Моуриньо Касильяс ҳақида айтган яхши гапларини бир четга суриб турайлик. Жозе испаниялик афсонани ёқтирмаслигига бир қанча асослар бўлган. Хусусан, Моуриньога Касильяснинг "Бернабеу"даги обрўси хуш келмасди. Моуриньога Касильяснинг "Барселона"даги футболчилар билан дўст тутингани ёқмасди. Моуриньонинг таъбини Касильяснинг рафиқаси журналист бўлгани хира қиларди. Энг асосийси, Касильяс унинг "Реал"да қўллаётган тактикаларини ёқламасди. Бу эса Моуриньонинг ғазабини қўзғарди. Айнан шу баҳоналар билан 2012 йилнинг ёзида сотиб олинган Диего Лопес, Касильяснинг ўрнини эгаллайди. Бу эса Моурнинг ўчи эди.
Марказий ҳимоя: Серхио Рамос
Ҳа, Моуриньо Мадриддаги даврини клуб афсоналари билан тескари бўлиш билан ўтказиб юборади. Ҳеч ким ташқаридан у ва Рамос ўртасида муаммо бор деб ўйламасди. Аслида эса шундай бўлган. Масалан, Моуриньо Месут Ўзилни захирага олганида Рамос германиялик дўстининг либосини кийиб олади. Бу эса мураббийга кичик исён эди.
Марказий ҳимоя: Рикарду Карвалью
Афсуски, бир пайтлар энг яқин бўлган одамлар орасига ҳам совуқчилик тушади. 2005-06 йилги мавсум олдидан Моуриньо Карвальюни асосий таркибга киритмайди. Бундан эса футболчи хафа бўлади. Ўшанда Моуриньо шундай деганди: "Билмадим, Рикарду нега ундай қилаяпти. Балки унда воқеаларни англаш борасида муаммолар бордир. Балки у шифохонага бориб, руҳшуносга учраши лозимдир". Шунга қарамай, бу жуфтлик узоқ вақт бирга ишлаган.
Ўнг қанот ҳимоя: Вильям Галлас
Ҳимоячи "Челси"даги охирги дамларида Моуриньо билан келиша олмай қолади. Шунда Галлас Моуриньога қарата, агарда жамоадан кетишига рухсат бермаса, ўз дарвозасига гол уришини айтган. 2006 йилда футболчи "Арсенал"га йўл олади.
Чап қанот ҳимоя: Дэнни Роуз
Роузнинг Моуриньо билан жанжали яхшигина эсимизда. Бу нарса ҳатто ҳужжатли филмда ҳам ўз аксини топади. Ўша саҳнада Роуз Моуриньо олдига кириб, ундан кўпроқ ўйин вақти сўрайди. Рухсат олмагач, футболчи бу масалани Даниэль Леви билан гаплашишини айтади. 2020-21 йилда қилган иши учун Роуз клубнинг ёшлар жамоасига юборилганди. Кўп ўтмай, футболчи Моуриньонинг истеъфо беришини хурсандчилик билан кутиб олади.
Ярим ҳимоячи: Поль Погба
Ҳаммаси қаердан бошланганини биламиз. Погба "МЮ"да порлаши мумкин эди. Аммо Моуриньо келиб ҳаммасини ёмон томонга ўзгартиради. У на клубни, на футболчиларни яхшилай олди.
Ярим ҳимоячи: Деле Алли
Моуринёнинг "Тоттенхэм"даги биринчи ўйини "Вест Хэм"га қарши кечади. Ўшанда Деле Алли ўзини кўрсатади. Ҳаммаси зўр кетаётгандай эди. Афсуски, бирданига вазият ўзгаради. 2020-21 йилги мавсум ўртасида Алли ҳақида португалиялик танқидий чиқиш қилади. Моуриньо уни жамоа учун етарлича жон куйдирмасликда айблайди.
Ярим ҳимоя: Генрих Мхитарян
Мхитарян "МЮ" келганида, келажаги порлоқ футболчи сифатида кўрилади. Жозе эса ҳаммасини пачава қилган. 2016 йилда келгач, Моуриньо янги футболчисини танқид қилишга тушади. Ҳатто у футболчига қарата "сен сабабли матбуотда танқидларга учраяпман" деган. Шундай бўлсада, улар "Рома"да бир муддат бирга ишлади.
Ўнг қанот ҳужум: Эден Азар
2014 йилнинг май ойида "Челси" ЕЧЛда "Атлетико" томонидан мағлуб этилади. Шунда Моуриньо Азар ҳақида шундай деганди: "Азар жамоага ўзини қурбон қиладиган футболчилар тоифасига кирмайди". Орадан икки йил ўтиб, "Челси" Антонио Конте билан чемпионлик сари қадам ташлайди. Бу Моуриньодан кейин ҳаммаси ўзгарганини англатарди.
Чап қанот ҳужум: Жо Коул
Моуриньо "Челси"да Коулни ҳамманинг олдида изза қилади. У футболчини шундай танқид қилганди: "Коул гол урганидан кейин, ҳаракат қилмай қўяди. Менга ҳимояланишим учун 11 та футболчи керак. Аммо Коул гол урса, менда 10 таси қолади холос".
Ҳужумчи: Антони Марсьяль
2018 йилнинг ёзида Марсьяль ҳаётида катта ўзгаришлар бўлади. У ота бўлиши керак эди. Шу сабабли "МЮ"нинг АҚШдаги мавсумолди баҳсларида иштирок эта олмай, Европага қайтади. Бу эса Моуриньога ёқмайди. Шу сабаб у ҳужумчидан хафа эканини билдиради. Боз устига, мавсум давомида бу "дилхиралик" Моуриньони тарк этмай, Марсьялни захирада қолдиради.
ИСМАТОВ Ж.