Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

"Бизда қолипга солинган таркиб йўқ; Агар хатоларни таҳлил қилмасанг, катта тажриба ҳам сенга ёрдам бера олмайди" – Почеттинонинг "Челси"даги илк интервьюси

Баҳо:
+ | -

Яқинда "Челси" бош мураббийи этиб тайинланган Маурисио Почеттино клубдаги илк катта интервьюсини берди. Қуйида уни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Биринчи галда сизни бу ерда кўриб турганимиздан хурсандмиз. Ушбу клубдаги нима сизни кўпроқ ўзига жалб қилди?

— Бу лавозимга келганимдан жуда ҳам хурсандман, барчаси ҳаяжонли. Дунёдаги энг катта клублардан бирида ишлаш сенга фахр туйғусини уйғотади. Ушбу қарорга келишда унчалик ҳам иккиланганим йўқ. Бугунданоқ машғулотларни бошлаб юборамиз, бу ердаги барча менинг келишимни илиқ кутиб олди. "Челси" Англия тарихидаги энг совриндор жамоалардан бири ва бу ерда ғалабаларни қайтариш йўлида қаттиқ меҳнат қилмоқчимиз.

Клубнинг тарихи ҳақида тўхталдингиз. Унинг тарихи ва маданияти сиз учун қанчалик муҳим?

— "Челси" ҳақида гап кетадиган бўлса, юқорида таъкидлаганимдек, фақат ғалабалар хаёлингизга келаверади. Бу жамоа яқин 15 йилликда АПЛнинг энг совриндор клублари қаторида бўлди. Премьер-лигани жуда яхши биламан. Шу боис "Челси"нинг ҳам маданияти менга қайсидир маънода бегона эмас. Албатта, Лондондаги жамоалар бўлишига қарамай собиқ клубимдан бошқарув борасида катта фарқларни кўриш мумкин, бироқ ёш таркиб билан ишлаш мен учун қизиқ, шу маънода катта масъулият ҳам юклайди. Биринчи навбатда бу ерда мураббий ва футболчилар ўртасида яхши муҳитни шакллантириб олиш керак.

Жамоанинг ёшига тўхталиб ўтдингиз. Маълумки, бир неча ой давомида клубдаги етакчилик роли кўп бора ўзгариб турди ва муҳими ҳам шуки, алмашган мураббийлар бу борада калаванинг учини топишда қийналишди. Сиз ва янги мураббийлар штаби футболчиларга қандай имкониятлар бера олади?

— Ҳаммаси жуда оддий. Мен ҳам талантли футболчиларни қадрлайман. Бироқ улар клуб номини ҳис қила олишлари, у нимани англатишини билиши зарур. Бизга ўз ғояларимизни тушунадиган аҳил жамоа керак. Барчага маълумки, раҳбарият клуб ривожи йўлида бор кучини ишга солмоқда, табиийки, мухлислар ҳам шунга яраша натижа талаб қилишга ҳақли. Клуб тарихида турли баланд-пастликлар кузатилди, бироқ бизда режалар аниқ. "Челси" топ ўринлар учун курашади, чунки клубнинг тарихи шундай. 

Янги футболчиларнинг менталитетини қандай баҳолайсиз?

— Бу ерга жуда ҳам талантли футболчилар йиғилган, уларга шунчаки тўғри йўналиш бериб юборишнинг ўзи кифоя. Бошқарув жараёнларида олдиндан қийинчиликни кўрмаяпман. Биринчи галда уларга ўзларини қулай ҳис қилишлари учун яхши муҳитни яратиб бериш талаб этилади. Асосий таркибдан тортиб, захира ўриндиғи вакилларигача жамоанинг бир қисми эканлигини ҳис қилишлари керак. Мураббий ва футболчилар ўртасида ўзаро қониқарли кўприк бўлса, ўйлаган ниятларимизга эришамиз. 

Машғулот майдони – "Кобҳам" ҳақида нима дея оласиз?

— Фантастик даражажа дейиш мумкин, шароит борасида муаммо йўқ. Бироқ биринчи галда мураббийлар штаби ва футболчилар бу ерни ўз уйларидек ҳис қилишлари керак. Чунки кунимизнинг катта қисми айнан шу ер билан боғлиқ. Ушбу ҳиссиётни ҳаммага бера олиш менинг масъулиятимга киради. Биргаликда катта натижаларга эришишимизга ишонаман. 

АҚШда мавсумолди йиғини ўтказилди, бунинг қандай фойдаси бўлди деб ўйлайсиз?

— Ҳа, буни бошқаларидан фарқ қилди дейиш мумкин. Мухлисларни қувонтирадиган барча номдор турнирларга тезроқ қайтишимиз зарур. Шу сабабли футболчиларни керакли шароитлар билан таъминлаш муҳим. Бизда муаййан қолипга солинган таркиб йўқ. Барчага имкон берилади. Ҳамма футболчилар сафар давомида менда ажойиб таассурот қолдирди, улар ўтган мавсум қилинган хатоларни тўғирлаш мақсадида қаттиқ тер тўкишмоқда. Менинг "Челси"даги ғоям жамоавийликка қурилади. Бу жамоанинг филасофиясига айланади. Бу клубда юқори мавқега эга бўлиш учун менинг оиламнинг муҳим аъзоси эканлигингизни ҳис қилишингиз керак. Биргаликда кўп нарсаларга қодирлигимизни англашингиз керак. Яқин йиллар ичида футбол катта ўзгаришларни бошдан кечирди. Энди ҳар бир чизиққа жамоани торта оладиган лидерлар зарур. 

Мураббий сифатида сўнгги йилларда ўсдим деб ўйлайсизми?

— Албатта, ҳозир анча яхшироқман (кулади). Ўз нуқсонларимни тўғирлаш учун етарлича вақтим бўлди. Англиядан кетгач, катта тажриба олиб қайтдим. Агар хатоларни таҳлил қилмасанг, катта тажриба ҳам сенга ёрдам бера олмайди. Ҳамкасбларим билан ўтган ишларни синчиклаб кўздан кечирдик. Улар ҳозирги фаолиятимда албатта асқатади. Футбол жозибали ўйин. Унда фақат мухлислар эмоция билдирмайди, балки футболчилар ҳам ўз суюклиларига ҳиссиётларини керакли пайтда етказиб бера олиши талаб этилади. Мураббийларга ҳам бу тааллуқли. Хуллас, футбол ҳиссиётларга қурилади. Тўғри, технологиялар ривожи ўзаро коммуникацияни олдинга силжитгани бор гап, бироқ шундай пайтлар келадики, баъзида кулгу, кўзлар ёки бўлмаса тана ҳаракати орқали ўз идеангни шогирдингга аниқ етказа олишинг мумкин. 

"Стэмфорд Бриж"га рақиб мураббийи сифатида кўп ташриф буюргансиз. "Ливерпул"га қарши дебют баҳс кутиб турибди. Қанақа туйғулар кечмоқда?

— Ҳозир буни тўлиқ тасаввур қилиш қийин. Чунки ҳали бу ерда футболчилар билан тўлиқ ишлай олмадим. Сафар учун барча диққатимиз қаратилган эди. Бироқ айтишим мумкинки, "Ливерпул"га қарши ўйинга тайёрмиз. АПЛдаги дастлабки ўйинни бу кўҳна стадионда ўтказиш албатта, катта масъулият юклайди, рақиб анойилардан эмас. Аммо мухлислар олдидан ёрқин атмосфера яратишга ҳаракат қиламиз.

Мухлислар билан ўрнатилажак алоқа ҳақида нима дея оласиз?

— Ўтмиш аллақачон ортда қолди. Мухлислар билан янги муносабатларни йўлга қўядиган пайт келди. Улар ҳам бизни бироз бўлсада тўғри тушуниши керак. Янги жамоа қуриш осон бўлмайди. Аммо улар билан муросага келиш менинг масъулиятимда. Бизни тинимсиз қўллайдиган мухлислар бизга сув ва ҳаводек зарур, мен бу ҳақда сигнал бераман. Бизга йиртқич мухлислар керак.

 

Юсуфбек Сайдалиев таржимаси

Киритилди: 11:48, 04.07.2023.
Ўқилди: 1922 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.