Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Константин Новиков: «1979 йилги ҳалокат ҳақида Польшадаги халқаро мусобақадан қайтганимизда эшитганман»

Баҳо:
+ | -

Ўзбек футболи тарихида Константин Новиковнинг ўз ўрни бор. У узоқ йиллар давомида "Пахтакор" клуби шарафини ҳимоя қилиш билан биргаликда, кейинчалик Ўзбекистон жамоаларида мураббий бўлиб ишлаган. Ҳозирги кунда 51 ёшни қаршилаган ушбу инсон 1979 йилги авиаҳолатда омон қолган кам сонли футболчиларимиздан бири ҳисобланади. Новиков Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳрига ўғлининг уйига борганида "ПРОСПОРТ" нашри мухбири ундан интервью олишга муваффақ бўлди. Интервью давомида қизиқарли маълумотлар берилди.

— Тошкентда туғилиб ўсганман. 10 ёшимдан бошлаб республика спорт мактабида футбол билан шуғуллана бошладим, — дейди Ковиков суҳбатни бошлаш экан. — Мактаб ёшимдаёқ спортнинг бу тури мени ўзига ром этди. Футбол учун эркакча характер, жисмоний тайёргарлик, тўп билан ишлаш маҳорати ва энг асосийси, гол ура олиш қобилияти керак. Менинг футболдаги энг унутилмас дамларим СССР ўсмирлар терма жамоасида кечган. Бу жамоага мени Борис Игнатьев таклиф қилганди. У мени Ўзбекистондаги ўсмирлар мусобақаларидан бирида кўрган экан. Ўша жамоа сафида мен Игор Беланов, Александр Заваров, Сергей Радионов, Сергей Алейников ва кейинчалик юлдуз футболчиларга айланган бошқа йигитлар билан бирга тўп сурганман. Биз Испания, Франция, Италиядаги мусобақаларда, УЕФА кубогида иштирок этганмиз. Ўша пайтдан менда ёрқин ёрқин хотиралар қолган. 17 ёшимда мени "Пахтакор"нинг ўринбосарлар сафига қабул қилишди. Ўшанда ўринбосарларни Москвадан келган мутахассис Александр Кочетков бошқарарди. Бир йилдан кейин жамоани қабул қилиб олган Олег Базилевич мени асосий таркиб машғулоти ва ўйинига жалб қила бошлади.

— Олий лигадаги илк голингизни эслайсизми?
— Албатта! Орадан 2 йил ўтиб "Шахтёр" жамоаси дарвозасига ургандим. Донецкда бўлиб ўтган ўйиннинг биринчи бўлимида 25 метрлардан йўллаган зарбам тажрибали посбон Юрий Дегтяров қўриқлаган дарвоза тўсини остига кириб кетганди. Танаффусдан кейин "кончилар" ҳисобни тенглаштиришганди ва ўйин 1:1 ҳисоби билан якунланганди.

— Ёши катта футбол мухлислари мамлакат чемпионатидаги "Пахтакор" ва "Қайрат" ўртасидаги Марказий Осиё дербисини ҳалигача эслашади...
— Ҳақиқатан ҳам, ушбу жамоалари ўртасидаги ўйинларга Иттифоқ миқёсида қизиқиш катта эди. Бу ўйинлар натижалари республика раҳбарлари назоратида бўларди. Киевнинг "Динамо", Москванинг "Спартак" клубларига ютқазиш мумкин эдию, аммо "Қайрат"га ютқазишга ҳаққимиз йўқ эди. Идеология шундай бўлганди. 1984 йил сентябрь ойида Олма-отада бўлиб ўтган ўйин ёдимда қолган. Биринчи бўлимда Марат Кабаевнинг аниқ пасларига эвазига 2та гол урдим ва биз танаффусга 2:1 ҳисобида чиқиб кетдик. Иккинчи бўлимда эса ҳаммаси оёғи осмондан бўлиб кетди. Мезбонлар дарвозамизга нақд 5 та (!) гол уришганди ва ҳисоб 6:2 билан тугаганди.

— Тошкентдаги "Пахтакор" стадионида бўлганимда, ёзда 36 даража иссиқда қандай қилиб футбол ўйнаш мумкинлигига ҳайрон бўлардим.
— Ҳаттоки бундан ҳам иссиқ бўларди. Кўпчилик иссиқ ҳавода мезбонлар устунликка эга бўлади деб ўйлашади. Аслида ундай эмас. Ҳар бир мураббийнинг Тошкентдаги ўйинларга тайёрлаш методикаси бўларди. Ўзбекистон пойтахтидаги 55 минг мухлисни бағрига сиғдира оладиган стадион чуқурликда жойлашган ва у ерда деярли шамол йўқ. "Пахтакор"да ишлаган Иштван Секеч иссиқ ҳавода машғулот ўтказиб, иқлимга мослашишимизни истарди. Бир марта Минскнинг "Динамо" клуби мураббийи жуда ақлли йўл тутган. Улар ўйин бошланишигача меҳмонхонадан чиқишмаган ва майдонга куч йўқотмаган ҳолда чиқиб, бизни 3:1 ҳисобида мағлуб этишганди.

— Константин Петрович, 1979 йил 11 август куни Киев остонасида "Пахтакор" жамоаси ҳалок бўлган. Бу воқеани эслаш ҳамиша оғир. Ўшанда сизнинг энг яқин дўстларингиз ёруғ оламни тарк этишганди...
— Бу ҳақиқий фожиа эди. Июль ойида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Москвада бўлиб ўтган СССР халқларининг 7-спартакиадасида муваффақиятсиз иштирок этдик. Дастлабки гуруҳ босқичида Украина ва Россия билан бир гуруҳга тушиб қолганимиз учун якунда 9-ўринни эгалладик. 5 август куни эса чемпионат доирасида Ворошиловграднинг "Заря" жамоаси билан ўйнадик.  10 август куни эса ўринбосарлар Минскка йўл олган бўлса, бир кун ўтиб, Токент-Донецк-Минск йўналиши бўйича асосий таркиб йўлга чиққан. Бошқа шаҳарлардаги сафар ўйинларига эса ўринбосарлар ва асосий таркиб бирга учарди. Кўпинча жамоанинг етакчи футболчиси Владимир Фёдоров билан ёнма-ён ўтирардик. У менга доимо футболнинг сир-асрорларини ўргатарди. У Худо томонидан берилган ноёб иқтидор соҳиби эди. Аъло дриблинг, яхши тезлик ва кучли зарбага эга эди. Валерий Лобановский уни 1976 йили Монреалда бўлиб ўтган олимпия ўйинларига таклиф этган ва жамоа бронза медали билан қайтган.

Минск сафаридан 2 кун аввал жамоа бош мураббийи Олег Базилевич оилавий сабаблар туфайли Киевга йўл олганди. Жароҳат туфайли Тўлаган Исоқов, Анатолий Могильний ҳалокатдан омон қолишган. Мен эса ўша куни СССР ўсмирлар терма жамоаси сафида Польшадаги мусобақага йўл олдим. Варшавадан Москвага қайтиб келганимизда, "Шереметьево-1" халқаро аэропортида бизни кутиб олувчилар орасида машҳур "Футбол-Хоккей" ҳафтаномаси бош муҳаррири Лев Филатов ҳам бор эди. У менга яқин келди ва: "Костя, "Пахтакор"нинг барча футболчилари Днепродзержинск шарида авиҳалокатда вафот этишди", деди. Бунга ишонгим келмади ва Тошкентга  келган заҳотим жамоа диспетчернинг айби билан Куриловка қишлоғи осмонида бошқа самолётга урилиб кетганини эшитдим. Тошкентдаги Боткин қабристонида бўлиб ўтган дафн маросимида кўпчилик эркаклар ўз кўз ёшларини тия олишмаганди. Ярим ҳимоячи Михаил Ан эса ўзи туғилган Свердлов совхозига дафн этилди. "Пахтакор"ни қайта тиклаш учун Олий лига жамоалари ўз футболчиларини Тошкентга юбора бошлашди. Андрей Якубик, Алексей Петрушин – «Динамо»(Москва), Зураб Церетели, ака-ука Манучар ва Гоча Мачаидзе -«Динамо» (Тбилиси), Владимир Нечаев – «Черноморец» (Одесса), дарвозабон Сергей Страшненко – «Карпати» (Львов)дан ва бошқалар.

— Футболчилик фаолиятингиз давомида бир нечта мураббийлар қўлостида ўйнагансиз. Улардан қайси бири ёдингизда кўпроқ қолган?
— Ҳар бир мураббийдан кўп нарсаларни ўрганса бўларди. Александр Кочетков, Иштван Секеч, Станислав Каминский ўз ишининг моҳир усталари эди. Лекин менда «Динамо» (Киев) собиқ ҳужумчиси, «Пахтакор» клуби бош мураббийи Олег Базилевич чуқурроқ таассурот қолдирган. У машғулот жараёнини яхши ташкил қилганди, ажойиб психолог эди, жамоада катта ҳурмат қозонганди.

— Ҳозирда Қарағанданинг «Шахтёр» клубини бошқараётган Виктор Кумиков билан йўлингиз кесишганми?
— Албатта! Мен 2 йил давомида унинг мураббийлигидаги "Насаф" жамоасида иккинчи мураббий бўлиб ишладим. Уни яхши мутахассис деб ҳисоблайман. "Шахтёр" бежизга ўтган йили унинг қўлостида илк марта мамлакат чемпионлигини қўлга киритмади.

— ФИФАнинг сентябрь ойида эълон қилинган рейтингида Ўзбекистон 63, Қозоғистон эса 142-ўринни эгаллаб турибди. Қўшни мамлакатларда футболнинг ривожланишида қандай фарқлар бор?
— Ўзбек футболи сўнгги йилларда сезиларли ўсишга эришди. Буни натижалар ҳам таъкидлаб турибди. Ҳукумат ва федерация томонидан амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Ўзбекистонда иқлим нуқтаи назаридан йил давомида очиқ ҳавода шуғулланиш мумкин. Футбол майдонлари ва тўплар борасида муаммолар йўқ. Ўзбек футболчилари хориж чемпионатларида ҳам ўзларини яхши томонлама кўрсатишмоқда. Масалан, Одил Аҳмедов Россиянинг "Анжи", яқинда "Актобе"га қўшилган Александр Гейнрих Корея ҳамда Темур Кападзе эса БАА чемпионатларида тўп суришди. Қозоғистон чемпионатининг энг яхши тўпурари Улуғбек Бақоев эса барчага яхши маълум.

МАЪЛУМОТ
 Константин Петрович НОВИКОВ
1961 йил 21 снетябрь куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Спорт устаси. Маълумоти олий. ПРО лицензиясига эга.
1979-1979 йиллард СССР ўсмирлар терма жамоаси сафида ўйнаган. СССР Олий лигасида 15та ўйинда майдонга тушиб, 15та гол урган.

Футболчилик фаолияти:

1978-1984. «Пахтакор» (Тошкент).
1985-1987. «Звезда»(Жиззах). Биринчи лига.
1988-1990. «Хонқа»(Хоразм). Иккинчи лига.
1991-1992. «Нурафшон»(Бухоро). Иккинчи лига.
1993-1995. «Мав-МТЕ» (Сольник, Венгрия). Биринчи дивизион.

Турли йиллар давомида «Шаҳрихончи» (Шаҳрихон), Пахтакор» (ўринбосарлар), «Нурафшон» (Бухоро), «Насаф»(Қарши) клубларида мураббий бўлиб ишлаган.

Манба: www.prosportkz.kz
Киритилди: 16:37, 27.10.2012.
Ўқилди: 6072 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.