"Манчестер Юнайтед" дарвозабони Давид де Хеа шартномаси якунланганидан сўнг жамоани тарк этишини эълон қилди.
"Ўтган 12 йил давомидаги севгингиз учун ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.
Ҳурматли сэр Алекс Фергюсон мени бу клубга олиб келганидан бери кўп ютуқларга эришдик. Мен бу либосни ҳар гал кийганимда ниҳоятда фахрланардим.
Дунёнинг энг катта клуби вакили бўлиш фақат бир нечта омадли футболчиларга бериладиган шарафдир.
Ёшлигимда Мадридни тарк этиб, биргаликда эришган нарсамизга эришамиз деб ўйламагандим. Энди янги синовдан ўтиш, ўзимни янги шароитларда яна синаб кўриш вақти келди. Манчестер доим юрагимда қолади”, - деди де Хеа.
32 ёшли испаниялик футболчи 2011 йилдан буён клуб сафида ўйнаб келаётган ва клуб билан Премьер-лига, Европа лигаси, Англия кубоги, Англия лига кубоги ва мамлакат Суперкубогида ғолиб чиққан.