"Челси" ҳужумчиси Ромелу Лукаку ўтган мавсумни ижара асосида ўтказган "Интер"га қайтиш учун маошини сезиларли даражада камайтиришга тайёр. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Лукаку "Интер"да ўйнашни давом эттириш учун йилига деярли 1 миллион фунт (тахминан 1,2 миллион евро) маошини камайтиришга тайёр. Қайд этилишича, 30 ёшли бельгиялик футболчини “Ювентус”га ўтиш варианти қизиқмаяпти, унга қизиқиш ҳақида аввалроқ хабар берилган эди.
"Интер" яқин орада "Челси"га турли бонусларни ҳисобга олган ҳолда Лукакуни 40 миллион еврога сотиб олиш бўйича янги таклиф билан чиқиши кутилмоқда.
Ўтган мавсумда Лукаку “Интер” сафида 37 та ўйинда майдонга тушиб, 14 та гол урди ва 7 та голли узатмани амалга оширди. Transfermarkt Бельгия терма жамоаси футболчисини 40 миллион еврога баҳоламоқда.