Хабарингиз бор, “Олмалиқ” 24-турда Андижонга сафар қилди ва йирик ғалаба билан қайтди. Сўнгги 2та турни Игорь Шквирин шогирдлари “Пахтакор” ва “Нефтчи”га қарши ўтказишади. Демак, мусобақада чемпион номининг аниқланишида “Олмалиқ”нинг ҳам ҳиссаси катта бўлади. Олмалиқликлар илк маротаба “Андижон”дан сафарда 3 очко олишди ва ушбу ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Игорь Шквирин ана шулар ҳақида тўхталиб ўтди.
— Ҳар қандай ўйинга ғалаба учун тушамиз ва табиийки, Андижонга ҳам уч очко келгандик, деб гап бошлади Игор Анатольевич. - Биз «Андижон»нинг ҳолатини жуда яхши тушуниб тургандик. Улар олтита учрашувдан бери мағлубиятга учраётгандилар. Мени назаримда шу нарса уларга катта босим ўтказди деб ўйлайман. Чунки улар ютиши керак эди. Лекин биз анча ҳотиржам ўйин кўрсатиб уч очкога эришдик. Яна нима дейиш мумкин? Биринчи бўлиб ҳисобни очган бўлсак-да, «Андижон» тез орада бунга жавоб қайтарди. Иккинчи бўлимда эса янада яхши ўйнаб учта тўп киритишга муваффақ бўлдик. Умуман, бугун барча нарсадан қониқиш ҳосил қилдим. Чунки «Олмалиқ»да ишлаётганимдан бери биринчи марта «Андижон» майдонида ютдик. Шунинг учун бу биз учун тарихий ғалаба бўлди.
— Бугунги ҳакамлик ҳақида нима дея оласиз?
— Уларга ҳеч қанақа эътирозим йўқ. Учрашувни яхши савиядаги ФИФА реферилари бошқаришди. Шунинг учун хато қилишмади деб ўйлайман.
— Пенальти бўлишидан аввал футболчиларингиз офсайд ҳолатида қолганга ўхшади...
— Мен мураббийман. Агар ҳакам бўлганимда улар ўйиндан ташқари ҳолатдами-йўқми, бунга жавоб беришим мумкин эди. Шу боис бу ҳақида бир нима дея олмайман.
— «Андижон»нинг бундай аҳволга тушиб қолганига муносабатингиз қандай?
— Тўғри, Андижондек вилоят учун жамоанинг олий лигани тарк этиши ачинарли. Айниқса, бу ердаги мухлислар футболни жуда яхши кўришади. Улар учун эса бу катта зарба бўлди.
— Бу йил «Олмалиқ» мавсумни нечанни ўринда якунлай олиши мумкин?
— Олдимизда «Пахтакор» ва «Нефтчи»га қарши қийин ўйинлар турибди. Биласизлар, «Пахтакор» чемпионлик учун курашишяпти. Шу сабабдан бизга қийин бўлади. Фарғонада ҳали ғалаба қозонмаганмиз. Табиийки, бу учрашув ҳам оғир кечади. Барибир очко олишга ҳаракат қиламиз.