Кириш Регистрация
30/11 00:45 Кальяри - Верона
30/11 01:00 Брайтон - Саутгемптон
30/11 01:00 Мальорка - Валенсия
30/11 18:00 Барселона - Лас-Пальмас
30/11 19:00 Комо - Монца
30/11 20:00 Брентфорд - Лестер
30/11 20:00 Кристал Пэлас - Ньюкасл
30/11 20:00 Ноттингем Форест - Ипсвич
30/11 20:00 Вулверхэмптон - Борнмут
30/11 20:15 Алавес - Леганес
30/11 22:00 Милан - Эмполи
30/11 22:30 Вест Хэм - Арсенал
30/11 22:30 Эспаньол - Сельта
01/12 00:45 Болонья - Венеция
01/12 01:00 Вальядолид - Атлетико

Маурисио Почеттино: «Челси» маданиятини яхши биламан»

Баҳо:
+ | -

29 май куни «Челси» билан 2 йиллик (узайтириш опцияси ҳам бор) шартнома тузган аргентиналик таниқли мураббий Маурисио Почеттино клубнинг машғулотлар базаси - Кобхэмга келгани ҳамоно журналистларга «тутилди».

 Янги бош мураббий суҳбатга киришишдан олдин алоҳида таъкидлади: «Мени «Челси» лойиҳасига қўшилишга ундаган бир неча салмоқли сабаблар бор, албатта. Булар - ғалаба қозониш маданияти, ходимларга нисбатан юксак эътибор, жамоа муҳити ва қизғин иш жараёни».

- Маурисио, «Челси»да хуш кўрдик. Айтингчи, сизни клубнинг янги лойиҳасида аввало, қайси жиҳат қизиқтирди?

- «Челси»да ишлаш менга катта завқ бағишлайди. Бинобарин, жамоани жуда яхши биламан. Гап дунёдаги энг буюк клублардан бири ҳақида кетмоқда. Шунинг учун бу ерга кўчиб ўтиш масаласида ортиқча иккиланмадик. Кобхэмда ҳамма мени илиқ кутиб олди, энди дарҳол машғулотларни бошлаймиз. «Челси» Англия футболи тарихидаги энг сов­риндор жамоалардан бири ва зафарларни қайтариш йўлида қаттиқ ишлашимиз керак.

- Тарих ҳақида гапирдингиз. Клуб маданияти шахсан сиз учун қанчалик муҳим?

- «Челси» тарихи - бу ғолиблик менталитети. Охирги 15 йилни олсак, «Челси» АПЛдаги энг совриндор клублар қаторида. Албатта, АПЛ ва «Челси» маданияти нимани англатишини жуда яхши биламан. Айниқса, Лондон жамоалари ўртасида кучли рақобат бор. Тўғри, «Челси» ва собиқ клубимдаги бошқарув тизими ўртасида фарқ катта. «Стэмфорд Бриж»да нисбатан ёш таркиб билан ишлаш мен учун жуда қизиқ, шунинг баробарида зиммамга тушадиган миссия катта масъулият юклайди. Биринчи навбатда, мураббийлар штаби ва футболчилар ўртасида яхши муносабат, соғлом муҳитни шакллантириш талаб этилади. 

- Сўнгги 12 ой давомида «Челси» тизими кескин ўзгарди. Бу ҳолат сиз ва ёрдамчиларингизга қандай янги имкониятлар эшигини очади?

- Ҳаммаси жуда қизиқ, зеро, моҳиятан салоҳияти катта истеъдодли йигитлар билан ҳамкорлик қилишга мойилман. Лекин ёш футболчилар аввало, клуб номи ва маданиятини чуқур ҳис қилишлари, «Олд Траффорд»­да майдонга тушиш нимани англатишини теран англашлари шарт. Демоқчиманки, олдимизда клуб ғояларини тушунадиган аҳил таркиб шакллантириш вазифаси бор. Барчага маълум, ҳозирги раҳбарият клуб тараққиёти йўлида бор имкониятларни ишга солмоқда, табиийки, мухлислар шу қатъий ҳаракатларга яраша муносиб натижа талаб қилишга ҳақлилар. Ҳа, охирги йиллар «Челси» ҳаётида турли баланд-пастликлар кузатилди, муҳими, бизда аниқ режалар бор. Нима бўлишидан қатъий назар, «Челси» фақат энг юқори ўринлар учун курашади, чунки клуб тарихи шуни тақозо этади. 

- Янги мавсумда футболчилардан аввало, нималарни талаб қиласиз, қандай кароматлар кутасиз?

- Асосий умид оддий - улар мутлақо очиқ бўлишлари керак. Токи, мураббийлар штаби мавжуд ғояларни амалда қўллаш ва футболчиларни бошқариш масаласида кўзда тутилмаган муаммоларга учрамасин. Қисқаси, биринчи навбатда, жамоа аъзолари ўзларини қулай ҳис қилишлари учун яхлит платформа яратишимиз керак. Оддий айтганда, ҳар бир футболчи таркибда ўрни борлигини, «Челси» оиласи учун муҳим одам эканлигини қалбан ҳис этиши даркор. Агар шу иш уддасидан чиқсак, натижалар ўз-ўзидан яхшиланиб боришига шубҳам йўқ. Ўз ўрнида биз - мураббийлар «Челси» футболчилари ҳам индивидуал, ҳам жамоавий равишда такомиллик сари қадам ташлашлари, майдонда муваффақият қозонишлари йўлида бор тажрибамиз, салоҳиятимиз ва имкониятларни тўлиқ ишга соламиз. Футболда энг асосий жиҳат - турли воситаларни тўғри йўлга қўйиш. Ўйлайманки, бизда бунинг учун маълум тажриба бор ва биргаликда клуб ҳаётида ажойиб янги саҳифа очишимиз мумкин. Хуллас, асосий талаб - ҳамнафас бўлиш, биргаликда астойдил ишлаш ва шу аснода клубнинг ажралмас қисмига айланиш. Агар ҳаммамиз кутилган даражада бирлаша олсак, бир ёқадан бош чиқарсак, «Челси» яна қудратли кучга айланади, албатта. Ҳозирнинг ўзида ақл бовар қилмас даражада яхши таркиб бор ва ҳали клубнинг бир қисмига айланишни чин юракдан истайдиган янги футболчиларни ҳам жалб этамиз. Умид шуки, раҳбарият ва мухлислар армияси билан бирлашиб, муваффақият йўлига қайта тушиб оламиз.

- Хўш, Кобхэм базасига боғлиқ илк таассуротларингиз қандай?

- Ажойиб, базага гап бўлиши мумкин эмас. Ҳар ҳолда, шароитлар масаласида муаммо йўқ. Бироқ қайтараман, аввало, мураббийлар ва футболчилар бу ерда ўзларини худди уйларидадек ҳис этишлари шарт. Чунки энди кундалик ҳаётимизнинг катта қисми базада ўтади. Йигитларга энг юқори даражада қулайлик яратиш, кучли ҳиссиёт тортиқ этиш менинг зиммадаги масъу­лиятдир. Албатта, базада мутлақо гўзал муҳит шакллантира олишдан умидворман.

- Мавсумолди йиғинлари, жумладан, АҚШ турнеси ҳақида нима дея оласиз?

- Сир эмас, мавсумолди жараёнида бутунлай бошқача шароитлар бўлади. «Челси» олдига қўйилган вазифалар эса тайин: нафақат АПЛ, балки бошқа турнирларда ҳам натижага эришиш. Шундай экан, тайёргарлик жараёнида футболчиларни талаб даражасида шароитлар билан таъминлаш шарт. Ҳозирги ҳолатда муайян қолипга солинган яхлит таркибга эга эмасмиз. Демак, йиғинларда барчага имкон берилади. Такрорлайман, «Челси»да жамоавий ҳаракатларга асосланган фалсафа бўйича иш юритаман. Бу кейинчалик жамоанинг ўзгармас фалсафасига айланишини хоҳлайман. Демоқчиманки, клубда юқори мавқега эришишни истайдиган ҳам бир футболчи Почеттино, тўғрироғи, «Челси» оиласининг муҳим аъзосига айланиши шарт. Бошқача ёндашув кетмайди. Йигитлар муваффақият сари якка тартиб ёки гуруҳ бўлиб эмас, ягона куч сифатида бориш, шунда жамоа кўп ишларга қодир бўлишини тезроқ англашса, бас. Охирги йилларда футбол катта ўзгаришларни бошдан кечирди. Эндиликда ҳар бир позицияни жипслаштирадиган ва жамоани олға тортадиган лидерлар зарур.

- Айтингчи, сўнгги бир неча йил давомида мураббийлик қарашларингиз қанчалик ўзгарди?

- Ўйлайманки, ҳар томонлама мукаммаллик сари интиляпман. Нуқсон ва камчиликларимни тўғрилаш учун етарлича вақт­га эга бўлдим. Дейлик, Англиядан кетгач ҳам, катта тажриба тўпладим. Агар хатоларни таҳлил қилмасанг, улкан тажриба ҳам сенга ёрдам беролмайди. Ортда қолган даврни синчиклаб таҳлил қилдим ва чиқарилган хулосалар ҳозирги фаолиятимда асқотишига ишонаман. Футбол - жозибали ўйин. Бунда эмоция фақат мухлислардан чиқмайди, балки футболчилар ҳам ўз ҳиссиётларини зарур пайт етказиб беришлари керак. Бу мураббийларга ҳам тааллуқли гап. Хуллас, футбол эҳтирослар устига қурилади. Тўғри, технологиялар ривожи коммуникацияни олдинга силжитгани бор гап, бироқ шундай пайтлар келадики, ўз ғояларингни шогирд­ларингга аниқ етказишинг учун оддий табассум, кўз нигоҳи ёки тана ҳаракати керак бўлади.

- Қизиқ, янги мавсум учун шахсий мақсадингиз нима?

- Ғалаба қозониш, албатта. Чунки футбол моҳияти - ғалаба! Биз кўп вақтни бирга ўтказамиз, яхши муносабатлар ўрнатамиз, соғлом муҳит яратамиз ва ҳоказо... Лекин охир-оқибат, ғалаба энг муҳими бўлиб қолаверади. Агар жамоангиз ғалаба қозониб турса, барча йўналишлар ўз-ўзидан ҳаракатга тушади. Натижага қандай эришиш эса бошқа масала. Биз айнан шу ҳақда қайғурадиган одамлармиз. Охир-оқибат, биз ҳам ғалаба қозониш, рақобатбардош бўлиш, ҳар ҳафта ва ҳар бир ўйинда рақибга жанг таклиф этадиган «йиртқичлар»га айланишни хоҳлаймиз. Майдонга тушишдан олдин эса машғулотлар жараёнида шер, бўри ёки тасаввуримиздаги бошқа ҳайвондек шуғулланишимиз шарт. Шундагина «йиртқич» ролини ўйинга кўчириш имкони туғилади. Табиийки, ичимизда ушбу менталитет ва енгилмаслик туйғусини ҳосил қилиш йўлида қаттиққўллик билан ишлаш, кўп тер тўкиш зарур.

- «Челси» мухлисларига клубнинг янги бош мураббийи сифатида нима дейсиз?

- Аллақачон Лондон ва Барселона кўчаларида мухлислар билан суҳбатлашдим. Улар клубнинг келажагига ишонч билан қарашмоқда ва бундан ҳаяжондамиз, албатта. Ҳозир мухлисларга нима ваъда қилишим мумкин? Қаттиқ ишлаш ва «Челси» либосидаги рамзни охирги томчи қон қолгунича ҳимоя қилишни! Мухлислар учун ҳаммасига тайёрмиз, шунда улар биз билан чинакамига ғурурланишади. Қисқаси, ваъда шу - клуб байроғини жон-жаҳдимиз билан ҳимоя қиламиз!

Майдонга тушишдан олдин эса машғулотлар жараёнида шер, бўри ёки тасаввуримиздаги бошқа ҳайвондек шуғулланишимиз шарт. Шундагина «йиртқич» ролини ўйинга кўчириш имкони туғилади. Табиийки, ичимизда ушбу менталитет ва енгилмаслик туйғусини ҳосил қилиш йўлида қаттиққўллик билан ишлаш, кўп тер тўкиш зарур.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 21:35, 12.07.2023.
Ўқилди: 1444 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.