10. Алексис Санчес – 38.3 миллион фунт, "Барселона"дан
Санчеснинг келиши "Арсенал"нинг энг омадли трансферларидан бири саналади. Ҳужумчи "Emirates" стадионда фантастик даража намойиш этган эди. 2016-17 йилги мавсумда чилилик футболчи 24 та гол ва 10 та ассистга муаллифлик қилади. Афсуски, Санчес орадан кўп ўтмай, "МЮ"га бериб юборилади ва бу раҳбарият томонидан йўл қўйилган энг катта хатолардан бири эди.
9. Гранит Жака – 40.5 миллион фунт, "Мюнхенгладбах"дан
Жака жамоадаги сўнгги мавсумида ажойиб ҳаракат қилди. Унинг Томас Парти билан ярим ҳимоядаги ҳаракатлари таҳсинга сазовардир. Тартиб-интизом борасида доимо муаммоларга дуч келган футболчи, ваниҳоят кетишидан олдин "Арсенал" сафида ҳақиқий лидер қандай бўлиши кераклигини кўрсата олди.
8. Месут Ўзил – 42.3 миллион фунт, "Реал"дан
Месут Ўзил дунё футболининг даҳоларидан биридир. Плеймейкер, майдонда осонлик билан хавфли вазиятлар ярата оларди. Афсуски, унинг пасларини етарлича голга айлантира оладиган футболчилар доим ҳам топилавермаган. Гарчанд жамоадан кетиш унчалик ҳам ёқимли бўлмаган бўлсада, Ўзил доимо Лондон жамоасида ҳурмат билан эсланади.
7. Томас Парти – 45 миллион фунт, "Атлетико"дан
Партининг АПЛдаги дастлабки икки йили жароҳатлар сабаб мураккаб кечди. Бироқ, учинчисида ҳаммаси ўзгарди. Парти ўтган мавсумда Жака билан "Арсенал" ярим ҳимоячи учун ўта керак фигурага айланди. Унинг ҳаракатлари Каземирога қиёслана бошланди.
6. Габриэл Жезус – 45 миллион фунт, "Манчестер Сити"дан
"Арсенал"га Обамеянг ва Ляказетт жуфтлигидан кейинги даврда марказий ҳужумчи ўта зарур эди. Клуб 2022 йилнинг январида Душан Влахович учун курашиб кўради. Аммо бу пойгада "Ювентус" ғолиб чиққан эди. Шу сабаб ёзда Габриэл Жезус сотиб олинади. Ўтган мавсум давомида бразилиялик фантастик ўйин кўрсатиб, жамоа боғламларида фаоллиги билан ажралиб турди.
5. Александер Ляказетт – 47.7 миллион фунт, "Лион"дан
Ляказетт Лондондаги беш йилни ёмон ўтказмади. Аммо "Арсенал"га керак бўлган нарса унда йўқ эди. Ҳа, ҳужумчи кетма-кет мавсумлар давомида 10 тадан кам гол урмади. Афсуски, бу етарли эмасди. Ляказетт тўпчиларни ЕЧЛга қайтара олмади. У "Лион"га эркин агент сифатида бир йил олдин қайтиб кетган эди. Франциялик "Арсенал" учун 206 та ўйинда 71 та голга муаллифлик қилди.
4. Бен Уайт – 50 миллион фунт, "Брайтон"дан
Уайт яхши футболчи. Буни ҳамма билади. Аммо 2021 йилда у учун тўланган 50 миллион, кўпчилик назарида ҳаддан ошиқ кўп эди. Ўтган мавсум ҳимоячи учун ҳам яхши ўтди. У Микель Артета жамоасида марказий мудофаадан қанотга кўчиб ўтган эди.
3. Пьер-Эмерик Обамеянг – 57.4 миллион фунт, "Боруссия Дортмунд"дан
Габон терма жамоаси аъзоси дастлабки икки мавсумда "Арсенал" учун катта иш бажаради. Ҳаммаси 2020 йилнинг ёзида, Обамеянг янги шартномага қўл қўйганидан кейин бошланди. Ҳужумчининг тартиб-интизомга амал қилиши қийинлашди. Оқибатда, у Микель Артета билан жанжаллашиб қолди. 2022 йилнинг январида 34 ёшли футболчи "Барселона"га йўл олган эди.
2. Кай Хаверц – 65 миллион фунт, "Челси"дан
Бундеслигада юлдузга айланган футболчи, "Челси"даги уч мавсумни яхши ўтказмади. Хаверц у ерда ўзига ноқулай бўлган ўринларда фойдаланилган эди. "Арсенал" Германия терма жамоаси аъзосини яқиндагина, 65 миллионга харид қилди. Артета у билан кўп нарсага эриша олишига ишонади.
1. Николя Пепе – 72 миллион фунт, "Лилл"дан
72 миллион эвазига АПЛни ёндирадиган футболчи кутилганди. Аммо Пепе бундай бўлиб чиқмади. Ҳужумчи илк мавсумида 5 та гол уришга эришади. Иккинчисида эса бу кўрсаткич 10 тага ўзгарди. Учинчиси бутунлай расво бўлади. Пепе 2021-22 йилги давр мобайнида фақат битта голга муаллифлик қилди. У ўтган мавсумни "Ницца"да, ижара асосида ўтказди. Айни дамда "Арсенал" унга харидор қидирмоқда.
ИСМАТОВ Ж.