Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Аҳмаджон Мусаев шогирдларининг Иорданияга қарши ўйиндаги ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилмади.
6 ноябрь куни Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси БААда ўтказилаётган Осиё чемпионати гуруҳ босқичи 2-тур ўйинлари доирасида Иордания терма жамоасига қарши майдонга тушди ва 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Ўйин давомида Аҳмаджон Мусаев шогирдлари икки марта ҳисобда ортда боришди, бироқ сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолишди.
«Биз мусобақани Вьетнам терма жамоасига қарши 4:0 ҳисобидаги йирик ғалаба билан бошладик ва бу нарса бугунги ўйинга ўз таъсирини кўрсатди. Биз Иордания терма жамоаси ҳақида билардик, унга қарши ўйин осон бўлмаслиги ҳақида ҳам етарлича маълумотга эга эдик. Бироқ ўйин давомида шогирдларим рақиб кучига етарлича баҳо бера олишмади ва бунинг учун жазоланишди», - деди Аҳмаджон Мусаев.
«Бугунги ўйиндан ҳар иккала терма жамоа мураббийи ҳам қониқиш ҳосил қилмаган бўлса керак. Рақибимизда ғалаба қозониш учун жуда яхши имкониятга эга, бироқ сўнгги дақиқаларда биз мағлубиятдан қутулиб қолдик. Бироқ мен бугун жамоамиз кўрсатган ўйиндан умуман қониқиш ҳосил қилмадим, биз ўйинимизни яхшилашимиз керак», - дея қўшимча қилди Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионатидаги навбатдаги учрашувни 8 ноябрь куни Шимолий Корея ёшларига қарши ўтказади. Ўйин Тошкент вақти билан 22:00да бошланади.