Иордания терма жамоаси бош мураббийи Жамол Аҳмад Вьетнамга қарши сўнгги тур ўйинидан умидлари катта эканлигини яширмади.
6 ноябрь куни БААда давом этаётган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати гуруҳ босқичи 2-тур ўйинлари доирасида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Иорданияга қарши майдонга тушди. Ўйин 2:2 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунига етди. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўйин давомида икки марта ҳисобда ортда қолганига қарамай, ўйиннинг сўнгги дақиқаларида мағлубиятдан қутулиб қолишга муваффақ бўлди.
«Биз жуда ҳам қийин гуруҳдан ўрин олганмиз. Бугун Ўзбекистон терма жамоасини мағлуб этиш учун бизда ажойиб имконият бор эди, бироқ баъзида футболда бугунгидек омадсизликлар ҳам бўлиб туради», - деди Иордания ёшлар терма жамоаси бош мураббийи.
«Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида шогирдларинг қанча куч сарфлаганини била туриб, якуний натижани ҳазм қилиш бир қадар оғир. Нима бўлган тақдирда ҳам, биз мусобақадаги иштирокимизни ҳали ҳам давом эттирмоқдамиз ва пайшанба куни Вьетнам терма жамоасига қарши баҳсда яхши ўйин кўрсата олсак, чорак финал босқичи йўлланмасини қўлга кирита оламиз», - дея қўшимча қилди Жамол Аҳмад.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионатидаги навбатдаги учрашувни 8 ноябрь куни Шимолий Корея ёшларига қарши ўтказади. Ўйин Тошкент вақти билан 22:00да бошланади. Иордания ёшлар терма жамоаси эса худди шу вақтда Вьетнамга қарши баҳс олиб боради.